Сайт работает в тестовым режиме

ЎзННТМА ва O‘zLiDeP ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди

 

Унда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши аъзолари, ЎзННТМА вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ННТлари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққан ЎзННТМА раиси Насимжон Алимов ҳозирги глобаллашув жараёнида халқ дипломатияси ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ҳамда тотувлик каби умуминсоний қадриятларга асосланган куч сифатида ўзини тобора кенг намоён этаётгани, юртимизнинг бошқа давлатлар билан ўзаро алоқаларини мустаҳкамлашда бу институт алоҳида ўрин тутаётгани таъкидлади.

Насимжон Алимов шунингдек, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши ва ЎзННТМА биргаликда кўплаб лойиҳаларниамалга ошириб келаётгани, тадбирлар, семинарлар ўтказилаётганини таъкидлар экан, келгусида ушбу фаолияти янада ривожлантириш, ҳамкорлик масаласида янги босқичга чиқиш вақти етиб келганини эътироф этди.

Тадбир доирасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.

Томонлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, Давлат дастурлари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёр ва тамойилларига ҳамда ушбу Меморандум қоидаларига амал қилиб, Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар ижросини таъминлашга қаратилган амалий тадбирларда иштирок этиш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтиш борасида тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш, мавжуд ахборотлар, ҳуқуқий, илмий манбалардан фойдаланишни мақсад қилишган.

Ушбу меморандумга кўра эндиликда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши ва ЎзННТМА қонунларни қабул қилиш жараёнида аҳоли, айниқса ННТ вакиллари ўртасида ҳар томонлама муҳокама қилиш тизимидан самарали фойдаланиш, ижтимоий шароити оғир бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни иш билан таъминлаш масалаларида ўзаро ҳамкорлик қиладилар.

Шу билан бир қаторда ҳар икки ташкилот ҳамкорликда аҳолининг муаммоларини тизимли ўрганиш, уларни ҳал этиш, ижтимоий корхоналарни ташкил этилишини кўпайтириш, ижтимоий хизматлар спектрини кенгайтиришни таъминлаш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ва уни амалга оширишга оид йиллик Давлат дастурларида Томонлар ваколатлари доирасида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар юзасидан хорижий тажрибани ўрганиш ва алмашиш масалаларида ўзларининг ваколатлари доирасида икки томонлама манфаатли ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар ва ривожлантирадилар.

ННТлар ва бизнес субъектларининг ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ижтимоий шериклик асосида мустаҳкамлаш, ижтимоий лойиҳа ва дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда инновацион ёндашувлар асосида ўзаро кўмаклашиш, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда ННТ раҳбар ва ходимларининг малакасини ошириш, ижтимоий тадбиркорликни кучайтиришда ўзаро ҳамкорлик қилиш ҳам ушбу ҳужжатда белгилаб қўйилган.

Тадбирда таъкидланганидек, томонлар меморандум доирасидаги ҳамкорликда амалга оширилган ишлардан жамоатчиликнинг хабардорлигини янада оширишга ёрдамлашиш мақсадида ЎзЛиДеП ва ЎзННТМА веб-сайтида кенг ёритиб боришга ҳам келишиб олишди.

ЎзННТМА Ахборот хизмати