O’zLiDeP Тошкент вилояти Кенгаши, ЎзННТМА Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси билан ҳамкорликда Нурафшон шаҳридаги Давлат хизматлари маркази катта мажлислар залида аёллар ва қизларнинг илм-фан билан тўлақонли машғул бўлишлари учун тенг имкониятлар яратилиши, шунингдек хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш масалаларига бағишлаб давра суҳбати ташкил этилди.
Унда O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши мутасаддилари, ЎзННТМА Тошкент вилоят ҳудудий бўлинмаси, Респулика Маънавият ва маърифат маркази Тошкент вилояти бўлими, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилоят Кенгаши, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази Тошкент вилояти ҳудудий бўлими, Чирчиқ давлат Педагогика институти профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқот институтларининг етакчи илмий ходимлари, ёшлар вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Олима аёлларни қўллаб-қувватлаш, мамлакатда хотин-қизлар таълимига алоҳида эътибор берилишини янада кучайтириш мақсадида вилоятдаги ННТларнинг ўзаро ҳамкорлигини кенгайтиришни кўзлаган тадбирда сўз олган ЎзННТМА Тошкент вилоят ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Иброҳим Холматов давлат ва жамият ривожида зиёли опа-сингилларимизнинг улуши беқиёс ўрин тутиши хусусидаги ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
ЎзННТМА вилоят бўлинмаси ҳам нодавлат нотижорат ташкилотлари сафида илм-фан билан шуғулланиб, илмий янгилик яратиш йўлида тинмай изланаётган хотин-қизларнинг борлигидан мамнуният туйишини, вилоятдаги мана шундай олима аёлларни бирлаштирган уюшма ва жамоат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаб, уларга яқиндан кўмакчи бўлишни ўз олдидаги устувор мақсадлар сирасига киритишини билдирди.
Бунда ўзаро ҳамкорлик ўрнатилиши юқори натижаларга олиб келишини айтди.
O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши “Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш” бўлими Диёра Болтаева Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида ҳам 2023 йилда биринчи навбатда, эътибор Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълим, илм-фан ва инновацияларни қўллаб-қувватлашга қаратилишини белгилаб берилгани хусусида тўхталди.
Тадбирда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилоят Кенгаши раиси, Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги партия депутати Муроджон Насиров ҳам иштирок этиб, бугун Ўзбекистонда илмий изланишлар олиб бораётган хотин-қизларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳақида мушоҳада юритди. Тадқиқотчилик билан шуғулланаётган хотин-қизларнинг ҳуқуқларини тобора кенгайтирилаётганига алоҳида эътибор қаратди.
Илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни муносабати билан Касаба уюшмалари федерациясининг эсдалик совғаларини улашди.
Нурафшон шаҳар “Оқила аёллар”ҳаракати раиси Каромат Расулова эса мавзу доирасида партия ва ҳаракат томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида батафсил маълумот берди.
Тадбир сўнгида ЎзННТМА Тошкент вилоят ҳудудий бўлинмаси "11 февраль - Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни" муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 437-сонли қарори асосида хотин-қизлар турмуш тарзини яхшиланишида қўшаётган хиссаси ва ёрдами учун вилоятнинг 22 нафар фаол хотин-қизларига ташаккурнома ва эсдалик совғаларини тақдим этди.
Зухро Мирзоҳамдамова,
O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири