“ЖУДА КАТТА КУЧ ВА МОТИВАЦИЯ ОЛДИК”

Шиддат билан ривожланиб бораётган мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадри-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимиз янги поғонага кўтарилмоқда. Миллати, тили ва динидан қатъи назар, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг, бутун халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғояси изчиллик билан илгари сурилмоқда. Натижада, нафақат маҳаллий бошқарув органлари, балки, нодавлат нотижорат ташкилотларининг жойларда муаммоларни ҳал этишдаги роли ва масъулияти тобора кучайиб бормоқда.

Айниқса, сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилоларига берилаётган эътибор, уларни қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатилаётган амалий ёрдамлар фаолиятимизда янги ташаббуслар қилишга, халқимизнинг орзу-умидларини ушлатириш борасида дадил одимлар отишга ундамоқда.

Хусусан, жорий йил давлатимиз раҳбарининг “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони ва “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида  Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академиясида 50 нафар нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари учун маҳсус малака ошириш курсларининг ташкил этилгани, биз нодавлат нотижорат такшилотлари вакиллари учун айни муддао бўлди.

Биз малака ошириш курсларида янги Ўзбекистонга муносиб раҳбар кадрларни тайёрлаш, уларнинг салоҳияти, дунё қараши, қолаверса халқ билан ҳамнафас бўлиш, уларнинг муаммоларига муносиб ечим топиш учун тўғри қарорлар қабул қилиш ҳамда жамият ривожи учун янги ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда жаҳон тажрибасини қўллаш каби бир қатор  йўналишларда билимларимизни оширишга муваффақ бўлдик ҳамда жуда катта куч ва мотивация олдик.

Мисол учун, малакали устозлар кўмагида вилоятимизнинг чекка ҳудудларида хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалаб қилиш орқали янги иш ўринларини яратиш, уларнинг бандлигини таъминлаш учун тажрибали ННТлар ва давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш учун  фаолиятимизда зарур бўладиган янги механизмларни ўргандим. Қолаверса, ишимизнинг ажралмас қисми бўлган солиқ соҳасидаги янгиликларни ўзлаштирдим ва ўз олдимга улкан режалар туздимки, насиб бўлса, келгусида опа-сингилларимиз ўртасида тадбиркорлик, ишбилармонликни кенг тарғиб қилувчи янги, самарали ижтимоий лойиҳаларни амалга оширмоқчиман. Шу билан бирга, олган билимларимни вилоятимиздаги нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларига ҳам улашиб, жамиятимиз ривожи йўлида янада фаол бўлишлари учун ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.

Бир сўз билан айтганда, юқори савия ва катта уюшқоқлик билан ташкил этилган мазкур ўқувлар мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолият юритиши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шароитлар яратиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг яққол натижаси бўлди.

 

Зебинисо Остонова,

"ТАДБИРКОР АЁЛ" Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Ромитан туман бўлими раҳбари