Жаҳон ҳамжамиятига манзур таклифлар

Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлаб, ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратиш мақсади кўзланган бир қатор стратегик масалалар ҳақида муҳим тавсияларни берди.
 
Жумладан, ҳозирги таҳликали ва мураккаб вазият ер юзидаги барча давлатлар ва халқларга ўзаро боғлиқ эканини, ўртамизда мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик ўта муҳимлигини, шу йўлда ҳукуматлар, парламентлар ва фуқаролик жамиятларининг ўзаро саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, умумий масъулият тамойилларини мустаҳкамлаш, халқаро шерикликни мувофиқ ҳолда ривожлантириш зарурлигини асослаб берди.
 
БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш ҳамда ушбу ҳужжатда ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятларини акс эттириш таклифи ва ташаббусини эълон қилди.
 
Шунингдек, давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда давлат бошқарувининг замонавий моделини амалга оширишда Парламент фаолияти, сиёсий партиялар фаоллиги, фуқаролик жамияти институтларининг роли, коррупцияга қарши курашиш ҳамда ёшларга оид янгича ислоҳотларнинг аҳамияти, шунингдек, мамлакатнинг минтақавий хавфсизлик ва миллий бағрикенгликни таъминлашга қаратилган сиёсат тарафдори сифатида собитқадам ва ишончли йўлдан бораётганини баралла таъкидлади.
 
Нутқда Ўзбекистон мисолида давлатлараро муносабатлар негизида камбағалликни қисқартириш сиёсатининг устувор жиҳатлари тўғрисида муҳим таклифлар ўртага ташланди.
 
Айниқса, инсоният бошига тушган ҳозиргидек ҳаёт ва иқтисодиётнинг ҳалокатли, таҳликали даври – глобал пандемия шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бутун мамлакатларнинг биринчи навбатдаги мақсади бўлиши кераклиги, бу мақсад атрофида дунё давлатлари бирлашиши кераклиги Бош Ассамблея минбаридан туриб асослантирилди. Шундай синовли даврда ўтаётган БМТ сессиясида давлатимиз раҳбарининг дунёнинг қудратли ва илғор давлатлари лидерлари қаторида нутқ сўзлаши, жаҳондаги энг юксак минбардан туриб халқаро миқёсда долзарб бўлиб турган муаммоларга ечим бўладиган аниқ таклиф-ташаббусларни илгари сурганини бутун жамоатчилигимиз қаторида ЎзННТМА, шу жумладан аъзо ННТлар томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди.
 
Президентимиз нутқларида жамиятни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларимиз натижасида янги Ўзбекистон шаклланаётганлиги, бугунги кунда мамлакатимиздаги демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олганлиги дунё ҳамжамиятига қатъий ишонч билан эълон қилинди. Шунингдек, ўтган йили Парламентга ўтказилган сайловлар аҳоли ва партияларнинг сиёсий фаоллиги, фуқаролик жамияти институтларининг роли, оммавий ахборот воситаларининг таъсири ошганини намойиш этганлиги асослаб берилди.
 
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Раҳбарининг БМТ минбаридан янграган тарихий нутқи ва ташаббуслари ННТ фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ва жамиятдаги мавқеини юксалтириш учун ҳам кучли туртки бўлади. Қолаверса, буларнинг барчаси мамлакатимизни ҳар томонлама ва жадал ривожлантиришда фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини тубдан юксалтириш, уларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлигини кучайтириш, шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни босқичма-босқич амалга оширишга хизмат қилади, деб ўйлаймиз.
 
Муҳаббат БОБОМУРОДОВА,
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари
миллий ассоциацияси бош мутахассиси