Жамоатчилик назоратига олинган масалалар борми?

Бугун Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунb талабларини лозим даражада амалга оширишни муҳокама қилиш мақсадида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва USAIDнинг Ўзбекистондаги Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури билан ҳамкорликда “Давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигининг ҳуқуқий механизмлари” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Унда давлат органлари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлик масалалари, улар фаолиятининг ҳуқуқий механизмлари ҳамда қабул қилинаётган ҳужжатларнинг жойлардаги ижросини таъминлашда жамоатчилик назоратининг ўрни каби муҳим масалаларга эътибор қаратилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши вакили, “Экомактаб” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Наталья Шивалдова “Самарали жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг роли” мавзусида ўз фаолияти мисолида маъруза қилиб, жамиятдаги муаммоларни ҳал этишда Жамаотчилик кенгашларининг ўрни муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди.

Давра суҳбати давомида “Давлат органлари фаолиятида жамоатчилик иштироки масалаларининг АҚШ тажрибаси” кўриб ўтилди, шунингдек,  “Жамоатчилик назорати коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида фуқаролик жамияти институтлари иштирокининг асосий шакли сифатида” мавзуида қизиқарли муҳокамалар бўлиб ўтди.

Ўз навбатида ҳудудларда фаолият олиб бораётган Жамоатчилик кенгашлари вакиллари давлат дастурларининг ижроси назоратга олинганлигини, бу борада тизимли ишлар йўлга қўйилганлигини айтиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим масалаларини ҳал этишда фуқаролар фаоллигини ва жамоатчилик иштирокини ошириш ҳамда давлат органлари билан яқиндан ҳамкорликда ишлаш масалалари бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди.