Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили Ш.Джураев, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Навоий вилояти бўлими ходимлари ҳамкорлигида Республика ихтисослаштирилган наркология илмий - амалий тиббиёт маркази Навоий вилоят минтақавий филиалида мониторинг ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганлишлар давомида маълум бўлдики, бугунги кунда тиббиёт марказининг 100 ўринли стационар бўлимида 106 нафар бемор, шулардан 73 нафари Суднинг қарори билан мажбурий, 33 нафари ихтиёрий тартибда даволанмоқда.
Стационарда беморларнинг ўртача даволаниш куни 45 кунга тўғри келади.
Даволанувчи шахсларга аутсоринг танлови орқали танлаб олинган “Шох Нур Шахбоз Орзуси” МЧЖ орқали санитария қоидаларига амал қилган ҳолда кунлик уч маҳал овқат тайёр ҳолда етказиб берилиши йўлга қўйилган.
Даволанувчи шахслар учун кутубхона, шахмат-шашка ўйнаш учун алохида жойлар мавжуд. Шу йилдан бошлаб спорт билан шуғулланиш учун тренажор зали ишга туширилган.
Шунингдек ўта оғир касалларга тез ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун, “ИВЛ” аппарати билан жиҳозланган 3 койкалик жонлантириш (реанимацион) хона мавжуд.
Ташриф давомида муассасада даволанаётганлар билан учрашувлар ўтказилди, улар учун яратилган шарт-шароитлар юзасидан беморларнинг фикрлари эшитилди.
Учрашув давомида минтақавий вакил томонидан юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгиликлар, хусусан қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган ўзгартиришлар, Омбудсманнинг минтақвий вакили ваколатлари, вазифалари ва унга мурожаат қилиш тартиби бўйича маълумотлар етказилди.
Шунингдек, гиёҳвандликнинг ҳуқуқий оқибатлари тўғрисида ҳам тўҳталиб ўтилди.
Ўрганиш давомида қилинган кузатув ва таҳлиллардан хулоса қилиндики, муассасада мажбурий даволаш муддати 45 кундан 2 ойгача давом этишидан келиб чиқиб, мавжуд контингентни фойдали меҳнатга жалб қилиш орқали уларнинг кун давомидаги бўш вақтини самарали ва фойдали ўтказиш мақсадга мувофиқ. Унинг учун муассаса ва ишлаб-чиқариш субъектлари билан шартнома тузиб даволанаётган контингентни белгиланган меъёр асосида 6 соатлик ҳақ тўланадиган ишларга жаб қилиш тавсия этилди.
Жумладан, бу борада муассаса яқинида жойлашаган “Электрокимё” корхонасида фаолият юритаётган ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича таклиф берилди.
Шалола Шокирова,
ЎзННТМА Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси ходими.