Самарқанд вилоятида ўз-ўзини бошқари органлари, жамоат ташкилотлари, ННТлар ва ОАВ вакилларидан таркиб топган Жамоатчилик гуруҳи аъзолари иштирокида Самарқанд шаҳри, Жомбой, Ургут, Тойлоқ, Пастдарғом, Қўшработ, Булунғур, Пайриқ, Оқдарё туманларида бир қатор жамоатчилик мониторинглари ўтказилиб, аниқланган масалалар юзасидан таҳлилий маълумотлар Халқ депутатлари вилоят Кенгашига киритилди ва қизғин муҳокама қилинди.
Қайд этилдики, Жамоатчилик мониторинги тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2022 – 2026-йилларда Самарқанд вилояти ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғриси”ги қарорида белгиланган вазифалар бўйича ташкил қилинмоқда.
Мазкур ҳужжат асосида қабул қилинган ҳудудий “Йўл харитаси”да жами 65 та банд бўйича 170 та вазифа ижроси кўзда тутилган.
Масъул идоралар томонидан тақдим этилган ҳамда очиқ манбалар орқали эълон қилинган ахборот ва маълумотлар таҳлил қилинган ҳолда аниқландики, жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига жами 25 та банд ижро этилиши белгиланган.
Кўрсатилган муддатда улардан 21 тасининг ижроси таъминланди. Хусусан, Реновация дастурлари асосида келгуси 5 йилда шаҳарларда эскирган уйлар ўрнига замонавий уй-жойлар барпо этиш, 200 минг нафардан зиёд аҳолини янги массивларга кўчиб ўтиши учун шароит яратиш вазифаси белгиланган. Бу вазифани амалга ошириш кўп муддат талаб қилади. Бугунги кунда бош режани ишлаб чиқиш ва хатлов ишлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Жарқоқ-Бухоро-Самарқанд-Тошкент магистрал газ қувурининг 220 км.дан алоҳида 11 км. қувур тармоғи чиқариб, Пастдарғом тумани Дўстлик массивида автоматлаштирилган газ тақсимлаш станцияси (АГТС) қуриш бўйича ишлар бажарилмоқда.
Бундан ташқари, мавжуд маиший чиқинди полигонлари сонини оптималлаштириш орқали, халқаро талаблар асосида санитария ва экологик меъёрларга жавоб бермайдиган 8 та маиший чиқинди полигони фаолиятини тугатиш вазифаси белгиланган эди. Ҳозиргача Тойлоқ, Оқдарё, Паяриқ туманидаги чиқинди полигонлари тугатилди. Туманда ҳосил бўлган маиший чиқиндилар Самарқанд шаҳар ва Иштихон туманлари чиқинди полигонларига олиб борилмоқда. Иштихон туман чиқинди полигонида рекултивация ишлари амалга оширилмоқда.
Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларга эришишда нафақат давлат ташкилот ва идоралари, балки жамоатчилик ташкилотлари, фуқаролар бир куч бўлиб ҳаракат қилиши лозим. Жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини кенг қўллаш эса натижалар самарадорлигини таъминлайди. Шу нуқтаи назардан, Самарқанд вилоятида Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик гуруҳи ҳудудларда амалга оширилаётган дастурларнинг ижроси ҳолати бўйича мунтазам равишда жамоатчилик назорати тадбирларини давом эттиради.