Жамоатчилик кенгашлари фаолияти таҳлил қилинди 

“Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти” ва ЎзННТМА Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан АҚШ Тараққиёт Агентлигининг (USAID) Кӯмагида “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик кенгашлари: ҳуқуқий асослари ва халқаро тажриба” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирдан кўзланган мақсад давлат органлари ҳузуридаги Жамоатчилик Кенгашлари ва ННТлар билан ҳамкорлик тўғрисидаги қонунлар, қонуности ҳужжатлари, халқаро тажриба билан таништириш ва нодавлат ташкилотларнинг салоҳиятини оширишдан иборат.

Тадбирда сўзга чиққанлар, нодавлат нотижорат ташкилотларининг Ўзбекистондаги жамоатчилик назоратини ва ижтимоий-ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишдаги аҳамиятини таъкидлашди ва “Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш ҳамда ижтимоий-ҳуқуқий ислоҳотларни назорат қилишда давлат органлари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашлари фаолиятини таҳлил қилишди. 

Шунингдек, тадбир доирасида иштирокчилар ўртасида “Ўзбекистонда жамоатчилик назоратини амалга ошириш ва ижтимоий-ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни” мавзусида сўровнома ўтказилди. Унинг натижаси юзасидан институт Жамоатчилик Кенгашлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқади.

Тадбир якунида иштирокчиларга “Маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги Жамоатчилик Кенгашлари: ҳуқуқий масалалар ва фаолиятининг асосий йўналишлари” амалий қўлланмаси тарқатилди.