Жамият — ислоҳотлар ташаббускори

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” деган эзгу ғоянинг илгари сурилиши мамлакатимизда демократик ислоҳотларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг  фаоллигини оширишда муҳим қадам бўлди. Мурожаатномада, шунингдек, бу йўналишдаги ишларни тизимли асосда ташкил этиш, янада янги, юқори босқичга кўтариш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилган эди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 16 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисидаги”ги Фармони унинг амалий ифодаси бўлди.
 

Тараққиёт йўлида учинчи секторнинг ўрни муҳим

Бугунги кунда юртимизда 10 мингдан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият юритяпти. Уларнинг иш самарадорлигини оширишга қаратилган икки юздан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур институционал база яратилган. Бироқ шунга қарамай, мазкур ташкилотларнинг жамиятимизда очиқлик, ошкораликни таъминлаш, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини шакллантиришда ташаббускорлиги яққол сезилмаяпти.

Агар бу йўналишда хориж тажрибасига назар солсак, масалан, Европа қитъаси давлатларида нодавлат нотижорат ташкилотлар учинчи сектор мақомига кўтарилган. Улар давлат ва хусусий тармоқдан кейин жамиятдаги долзарб вазифаларни ҳал этишда, ҳатто қонун қабул қилишдан тортиб, уларнинг ижроси назоратида ўз ўрнига эга. Бу борада Германия, Буюк Британия, Франция ва бошқа илғор давлатларда ҳам ўзига хос натижаларга эришиляпти. Шу маънода, Жамоатчилик палатасининг ташкил этилиши мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантиришда муҳим қадам бўлди.

Мазкур жамоатчилик институтига асос солишдан мақсад “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” деган ғояни амалда рўёбга чиқариш, аҳолининг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштироки кўламини кенгайтириш, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, фуқаролар, жамият ва давлатнинг ўзаро яқин ҳамкорлигини ўрнатиш, шунингдек, давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришдир.

Фаолиятининг устувор йўналишлари нималардан иборат?

Энг аввало, давлат, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатни янада жадал ва ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи замонавий шаклдаги тизимли ҳамда самарали мулоқотини йўлга қўйишдан иборат. Қолаверса, мазкур палата фуқароларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини фаоллаштиришга ҳамда давлат-хусусий шерикликнинг замонавий механизмларини жорий этишга кўмаклашиши лозим.

Бу жамоат тузилмаси, шунингдек, аҳолининг фикрини, жамоатчиликни ташвишлантираётган долзарб масалаларни, давлат дастурларининг жойларда ва соҳаларда амалга оширилишини тизимли ўрганиб, бу борада аниқланаётган камчиликларни ва уларнинг ечими бўйича таклиф-тавсияларни Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлиси палаталарига ва Ҳукуматга киритиб бориши ҳам белгиланган.
Эндиликда “жамоатчилик эшитуви”, “жамоатчилик экспертизаси”, “жамоатчилик мониторинги” каби таъсирчан замонавий назорат шаклларининг амалда жорий этилиши, “халқ дипломатияси” институтининг ривожлантирилиши демократик давлат, очиқ фуқаролик жамияти барпо этиш борасида эзгу орзуларимиз рўёби йўлида яна бир дадил қадам бўлади.

Фармонга кўра, Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органлари ҳисобланади. Жамоатчилик палатаси жамоатчилик асосида ишлайдиган 50 нафар аъзодан иборат бўлиб, унинг таркиби белгиланган тартибда шакллантирилади. Жумладан, Жамоатчилик палатасининг 18 нафар аъзоси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жамият ривожи, ҳуқуқий давлатни шакллантириш ва миллий қонунчиликни такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятни ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, Ўзбекистон илм-фани, спорти, маданияти, иқтисодиёти ривожи, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга катта ҳисса қўшган, эл-юрт иззат-ҳурматига сазовор бўлган фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари орасидан тайинланади.

Жамоатчилик палатасининг 18 нафар аъзоси республика миқёсида фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари (Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган чет эл нодавлат нотижорат ташкилотлари ваколатхоналари ва филиаллари бундан мустасно), оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари тақдим этган номзодлар орасидан танлов асосида Жамоатчилик палатаси қарорига биноан аъзо этиб қабул қилинади.
Жамоатчилик палатасининг 14 нафар аъзоси ҳудудий жамоатчилик палаталари вакиллари бўлиб, улар лавозими бўйича ҳудудий жамоатчилик палаталари раислари ҳисобланади. Ҳудудий жамоатчилик палатаси жамоатчилик асосида ишлайдиган 21 нафар аъзодан иборат бўлади. Ҳудудий жамоатчилик палаталари таркиби жамоатчилик форумларида тавсия этилган ҳудудларда фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари (Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган чет эл нодавлат нотижорат ташкилотлари ваколатхоналари ва филиаллари бундан мустасно), илмий доиралар, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакилларидан шакллантирилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг “Mening fikrim” веб-портали Жамоатчилик палатаси тасарруфига ўтказилади.

Қисқаси, мазкур ҳужжатда мамлакатимизда давлат ва жамият ривожида халқимизнинг фаол иштирокини ку-чайтириш, юртимиздаги демократик ислоҳотларни янги босқичга кўтариш борасида муҳим тамойиллар белгилаб берилди. Уларнинг ўз вақтида ижро этилиши, шубҳасиз, Ўзбекистон салоҳиятини янада юксалтиради.

Насимжон АЛИМОВ,
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгаши раиси, иқтисодиёт фанлари номзоди.