Замонавий меҳнат бозоридаги янги тенденциялар

Жорий йилнинг 24 октябрь куни Тошкент шаҳар Ёшлар марказида “Келажакнинг технологик талаблари шароитида меҳнат бозорининг трансформациялашуви ва мутахассисларга бўлган эҳтиёж. Ўзбекистон ва Россия олий таълим муассасаларининг ҳамкорлик имкониятлари” мавзусидаги халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

“Шарқ аёли” Халқаро аёллар жамоат фондининг 20 йиллигига бағишлаган тадбир Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасидаги таълим ва гуманитар ҳамкорлик соҳасидаги ҳукуматлараро битимларнинг амалий ижроси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида ўтказилмоқда.

Тадбирни кириш сўзи билан “Шарқ аёли” Халқаро аёллар жамоат фонди раиси Саодат Турсунбаева очиб берди ва ушбу фонд 1999 йилнинг “Аёллар йили” деб эълон қилиниши негизида ташкил этилгани, ўз сафига ирқидан, динидан қатъий назар юксак маънавиятли, маданий ва маънавий қадриятларни, анъана ва удумларни қадрловчи, обод турмуш сари интилувчи зиёли аёлларни бирлаштириб келаётганини таъкидлади. Шунингдек, ушбу фонд аёлларнинг амалий ташаббусларини қўллаб–қувватлаш ва уларнинг мавқеини халқаро даражага кўтаришга йўналтирилган давлат дастурларини амалга оширишда ўз ҳиссасини қўшиб келаётгани ҳам эътироф этилди.

 Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгаши раиси Насимжон Алимов ҳам фонднинг шу кунгача босиб ўтган йўли, амалга оширган ишлари ҳамда келгуси режалари ҳақида тўхталиб ўтди. Н.Алимов ўз сўзида ушбу фонд хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини янада кучайтириш, улар орасидан етакчи аёлларни саралаб олиш ва уларнинг раҳбарлик қобилиятларини шакллантиришда ҳиссасини қўшиб келаётганини эътироф этди.