Залмай Халилзод: Самарали музокараларга Тошкентда пойдевор қўйилган

Қатар пойтахти Доха шаҳрида бўлиб ўтган АҚШ ва “Толибон ҳаракати” ўртасидаги учрашув давомида АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади:
 
– Тан олиш керак, ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент шаҳрида уюштирилган Афғонистон бўйича халқаро анжуман бугунги келишувга пойдевор вазифасини ўтади. Қолаверса, дастлаб АҚШ ва “Толибон” ҳаракати иштирокида бошланган музокаралар эндиликда икки томонлама шаклдан чиқиб, айни пайтда Афғонистондаги ички сиёсий кучларнинг тинчлик ўрнатиш йўлидаги саъй-ҳаракатларига йўл очди. 
 
Бугунги кунда нафақат минтақа давлатлари, балки бутун дунё афғон заминида шаклланган халқаро терроризм унсурларига қарши курашда бирлашмоқда. Имзоланган битимга кўра, бундан буён Афғонистон замини халқаро террор гуруҳларига ҳеч қандай бошпана бермайди. Бу борадаги келишувлар келажакда битимга имзо чекканлар томонидан қатъий мониторинг қилиб борилади. Асосий мақсадимиз Афғонистон ҳудудида якдил тинчлик ва барқарорлик ўрнатишдир. 
 
Яна бир бор таъкидлайман, Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу масаладаги ташаббуслари ижобий натижага эришилишида ниҳоятда катта роль ўйнади. Узоқ кутилган тинчлик жараёни нафақат минтақа, балки бутун дунёдаги тинчликсевар эллар учун кенг имкониятлар эшигини очади. 
 
Хусусан, АҚШ ва Ўзбекистон учун ҳам минтақада савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, интеграция жараёнини жадаллаштириш имконини беради. Минтақада саноат, транспорт-логистика хизматлари ривожланади, янги иш ўринлари пайдо бўлади. Бундай ижобий ўзгаришлар ҳар икки томон манфаатларига хизмат қилади.