2021 йилнинг 12 август куни Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғоя асосида “Юртим менинг-фахрим менинг” мавзуси давра суҳбати ташкил этилди.
Мустақилликнинг 30 йиллиги арафасида тарихан қисқа, лекин асрларга тенг ўзгаришларни гувохи бўлган мустақиллик йилларига барча соҳаларда бўлгани каби нодавлат нотижорат ташкилотларида хам сархисоб қилса арзийдиган амалий ишлар бажарилганлигини кўриш мумкин.
Фуқаролик жамиятини ривожлантиришда жамоат ташкилотларининг иштирокини бугунги кунда хар жабхада учратиш мумкин.
Мустақиллигимизнинг илк йилларида вилоятимизда касаба уюшмаси, ёшлар ташкилоти, биргина сиёсий партия, маълум бир сохагагина хизмат қилувчи саноқли нодавлат ташкилотлари фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунда Наманган вилоятида 530 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда. Шундан 56таси фуқароларни ўз ташаббуслари билан ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилотларидир.
Вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотларида меҳнат фаолиятини олиб борадиган фуқаролар сони 2671 тани ташкил этади, шундан асосий иш жойи бўйича – 1060 нафар, ўриндошлик асосида – 1590 нафар.
Мустақиллик йилларида нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларни давлатнинг тенг шеригига айланишига барча шароитларни яратиб беришга катта эътибор берилмоқда. Сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек, ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида изчил ишлар олиб борилди.
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлайдиган, замонавий демократик талабларга ва халқаро стандартларга жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий база янада такомиллаштирилди. Бунинг натижасида 20 га яқин қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Ҳукуматнинг қарорлари қабул қилинди.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари манфаатларини ифода этиш, давлат билан улар ўртасидаги кўприк вазифасини бажаришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ташкил қилинди, шунингдек, аҳоли билан очиқ мулоқот олиб боришнинг янги самарали воситаларини жорий этиш мақсадида давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолияти йўлга қўйилди.
Ижтимоий шерикликнинг энг ёрқин наъмунаси сифатида вилоят адлия бошқармаси хузурида ташкил этилган Жамоатчилик Кенгашини эътироф этиш мумкин. Ушбу Жамоатчилик Кенгаши давлат ва нодавлат ташкилотларининг ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда катта кучига айланиб бормоқда. Хусусан 2020 йил давомида 3 маротаба жамоатчилик эшитувлари ташкил этилиб, унда вилоят Халқ таълими, вилоят соғлиқни сақлаш, вилоят меҳнат, вилоят солиқ ва вилоят архитектура бошқармалари бошлиқларининг ўз соҳалари бўйича хисоботлари муҳокама қилинди. Жойларда аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.
Қонунчилик палатасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг доимий вакили институтини жорий этилиши ва ушбу вакил, қуйи палата йиғилишларида иштирок этиши, қабул қилинаётган қонунларга таъсирчан жамоатчилик назорати ва ижтимоий шериклик масалаларини киритиш бўйича таклифлар бериш ваколатига эга бўлиши мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг ривожланишига хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси хузуридаги “Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининиг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди” фаолиятини жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратиш зарурлиги хусусида, ННТлар томонидан ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда пухта ишланган ва режалаштирилган тадбирларни белгилаш ҳамда ижтимоий ҳамкорликни кучайтириш борасида бир қатор вазифалар белгиланди.
Жойларда мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни чуқур таҳлил қилиш, ечимлари бўйича таклиф ишлаб чиқиш, ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлашга ижтимоий буюртма асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари кенг жалб этилиши белгилаб берилди.
Эндиликда нодавлат нотижорат ташкилотлари ижтимоий ҳамкорликни, энг аввало, таълим, маданият, тиббиёт, экология, қурилиш, кадастр, транспорт, коммунал хўжалиги, бандлик, ижтимоий хизматлар кўрсатиш каби муаммоли соҳаларда кенг жорий этишга мувофиқ бўладилар.
2021 йилда давлат грантлари, субцидиялари ва ижтимоий буюртмалари шаклидаги лойиҳаларга бюджетдан 60 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилиши бу соҳадаги ижобий ишларнинг кўлами кенгайишидан дарак беради.
Биргина 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси хузуридаги “Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининиг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди” томонидан эълон қилинган грант танловларида 85дан ортиқ лойиҳалар билан иштирок этган вилоятимиз ННТларидан 15тасининг лойиҳаси ғолиб деб топилиб, 584 миллион сўм миқдорида молиялаштирилди. Бу 2019 йилга нисбатан қариб 140 миллион сўмдан кўп маблағ ННТларнинг ижтимоий лойиҳаларини амалга оширишга йўналтирилганлигини кўрсатади.
2021 йилдан бошлаб Халқ депутатлари вилоят Кенгаши хузурида “Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининиг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди” фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу жамоат фонди томонидан эълон қилинган 1-давлат гранти танловида 12та ННТларниг лойиҳалари мақулланиб, 350 миллион сўмдан ортиқ миқдорда молиялаштирилди.
Эндиликда ННТларни ҳарқаро грант танловларига иштирок этишларига катта имкониятлар берилди. Республика "ISTIQBOLLI AVLOD" ижтимоий-ахборот марказининг Наманган вилояти бўлими томонидан амалга оширилаётган одам савдосига қарши курашиш, зўравонликни олдини олиш каби мавзулардаги лойиҳаларга жами 53 минг доллар миқдоридаги ҳалқаро грант маблағлари жалб этилганлиги бунинг ёрқин мисолидир.
Пандемия даврида карантин қоидаларига риоя қилган холда аҳолининг кўмакка мухтож қисмига моддий ёрдам ва қўллаб-қувватлаш ишларида, Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Республика марказининг Наманган вилояти бўлинмаси, "Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Наманган вилоят ҳудудий бўлинмаси, Наманган вилоят "IJTIMOIY HIMOYA" жамияти каби кўплаб ННТлар фаол иштирок этдилар.
Наманган вилоятида фаолият кўрсатувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг 2020 йил декабр ойида 120дан ортиқ ННТлар ва давлат органи вакиллари иштирокидаги “Дахилдорлик ва шаффофлик-самарали ҳамкорлик” шиори остида ўтказилган “Нодавлат нотижорат ташкилотлари Форуми”да ҳам ушбу йўналишдаги фаолиятларни 2021 йилда янада ривожлантириш, бу борада нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари даҳлдорлиги ва масъулиятини ошириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини шаффофлгини таъминлаш орқали самарали ҳамкорлик қилиш бўйича тавсиялар ва тармоқ дастурлариги киритиш учун 70 дан зиёд таклифлар ишлаб чиқилди.
ННТларни бир мақсад йўлида бирлаштириш, давлатимиз томонидан олиб борилаётган янгиланиш ва ривожланишнинг ижобий жиҳатлари тўғрисида хабардорлигини ошириш, вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишида уларларни иштирокини фаоллаштириш борасида жойларда нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат органлари вакиллари билан учрашувлари соҳалар йўналишида ташкил этилиши давом этмоқда.
Давра суҳбатини, Наманган вилоят хокимлиги Жамоат ва диний ташкилотлар билан ишлаш котибияти бош мутахассиси – Иброхим Сайдуллаев очиб, мустақиллик йилларида ННТлар фаоллари ва фидоийларидан бир гуруҳи давлатимизнинг юксак эътирофига сазовор бўлганликларини, меҳнатлари муносиб баҳоланиб давлат мукофотлари билан тақдирланганликларини айтиб ўтди.
Бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотларига яратилаётган имкониятлар, давлат ташкилотлари томонидан қўллаб-қўвватлаш борасидаги амалий ишлар хусусида батафсил ахборот берди.
Ташкил этилган давра суҳбати аввалида, тадбир ташкилотчиси ЎзННТМА Наманган вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Икромжон Каримов томонидан
“Янги Ўзбекистонда ННТларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ижобий ислоҳотлар, ЎзННТМА Наманган вилоят ҳудудий бўлими фаолияти юзасидан ва 2021 йилга режалаштирган тадбирлари мавзусида маъруза қилди.
Вилоят Адлия бошқармаси бўлими бошлиғи Зулфия Ахмадхўжаеванинг “Ўттиз йил ўттиз кунда, мустақиллик йилларида ННТларни қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган дастурий ҳужжатлар ва уларнинг ижроси” мавзусида маърузаси тингланди.
Давлат ташкилотлари билан нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлиги кучайтириш ҳамда Қонунчилик билан боғлиқ масалалар юзасидан Адлия органлари доим қўллаб-қувватлаш ҳамда амалий ёрдам беришга тайёр эканлиги тадбир иштирокчиларига маълум қилинди.
“Ёш авлодни ватанпарварлик рухида тарбиялашда ННТларини давлат ташкилотлари билан ҳамкорлиги” мавзусида Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда ишлаш масалалари доимий комиссияси аъзоси, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг вилоят кенгаши раҳбари А.Алохўжаев маъруза қилиб, мустақиллик берган бебаҳо неъмат эркинлик ва фаровон хаёт кечиришда ёш авлодни аждодларнинг илмий меъросига муносиб камол топишига кўмаклашиш учун хар биримиз маъсул эканлигимизни алоҳида такидлади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий Ассоциацияси вилоят бўлимининг асосий мақсади давлат ва жамият қурилишининг устувор вазифаларини амалга ошириш, эркин, очиқ ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришда жамоат ташкилотларининг ташкилий ва интеллектуал ресурслари ҳамда саъй-харакатларини бирлаштириш ва мувофиқлаштириш ишларига қаратилган тадбирларда ННТларни соҳалар ва йўналишлар бўйича муаммоларини таклифларини ўрганиш мақсадида туркум давра суҳбатлари, грант лойиҳаларини тайёрлашга бағишланган маҳорат сабоқлари, ННТ ходимларини хуқуқий билим ва кўникмаларини ривожлантириш соҳасида тарғибот тадбирлари амалга оширилаётганлиги билдирилди.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирокидаги мазкур тадбирда ННТларнинг мавжуд муаммолари, эришаётган ютуқлари бўйича керакли ахборотларни олиш билан бирга мавзу юзасидан бир қатор таклифларни билдирдилар.
Тадбирда “YUKSALISH” умумиллий харакати вилоят бўлими бошлиғи Н.Мухаммадиева, вилоят Адлия бошқармаси масъул ходимлари иштирокчилар томонидан берилган саволларга жавоб бериб, давлат органлари билан нодавлат нотижорат ташкилотларини ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашни таклиф этдилар.