“Яшил макон” лойиҳаси доирасида ташкил этилаётган тадбирлар бугун фарғоналик нодалват нотижорат ташкилотлари вакилларини яна бирлаштирди.
ЎзННТМА Фарғона вилоят ҳудудий бўлинмаси бош-қош бўлаётган бу тадбирларда вилоятнинг турли масканларида мевали ва манзарали дарахтлар экилиб, яшил майдонлар кўлами кенгайтириляпти.
Хусусан, вилоят Адлия бошқармаси ҳамда Давлат хизматлари маркази ходимлари билан ҳамкорликда Фарғона шаҳар ва Фарғона туманини боғлаб турувчи магистрал йўли қирғоғига 230 туп манзарали кўчатлар экилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси Фарғона вилоят ҳудудий бўлими, Қўштепа туман ҳокимлиги, туман бандликка кўмаклашиш маркази вакиллари ва ЎзННТМА Фарғона вилоят ҳудудий бўлинмаси ходимлари бирлашиб, Қўштепа туманидаги “Кичик бешкапа” МФЙдаги “Қувончга тўла меҳрлар” унитар корхонасининг очилиш маросимида иштирок этишди.
Корхона томонидан иштирокчиларга “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси учун тайёрланган нимча ҳамда бош кийимлар улашилди ва яхши ниятлар билан корхона атрофига манзарали кўчатлар ўтқазилди.
Шу билан бирга туманидаги “Қоражийда” ва “Катта Бешкапа” МФЙларда ҳам Экологик партия вилоят Кенгаши, туман экология ва атроф мухитни мухофаза қилиш бўлими ва маҳалла раислари билан ҳамкорликда махаллалардаги “Темир дафтарга” киритилган олтита оила томорқаси ва яшаш хонадони атрофига арча кўчатлари экилиб, кўкаламзорлаштирилди.
Лойиҳа давомида вилоятдаги таъмлим масканлари ҳам эътибордан четда қолаётган йўқ. ЎзННТМА ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан “Экологик тоза Фарғона учун” ассоциацияси ва Фарғона Политехника институти билан ҳамкорликда институт атрофи, Фарғона тумандаги 23-умумтаълим мактаби ва Фарғона солиқ техникум ҳудудларига ҳам кўчатлар экилди.
Тадбирлар давомида экилган дарахт кўчатлари Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан етказиб берилди.