“Яшил макон” умуммиллий ҳаракатида ННТлар фаол иштирок этмоқда

Бугун Навоий шаҳар Алишер Навоий номидаги истироҳот боғида  Навоий вилоят ҳокимлиги, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмаси, Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида кўчат экишнинг “долзарб 40 кунлик” акциясига асосан вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокида дарахт кўчатлари экилди.

Акцияни ўтказишдан мақсад, жорий йилнинг 20 октябрдан 1 декабригача эълон қилинган «долзарб 40 кунлик»да вилоятимизда фаолият юритаётган нодавлат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг фаол иштирокини таъминлаш, дарахт ва бута кўчатларини экиш орқали шаҳардаги яшил майдонлар ҳажмини оширишда ННТлар ролини кучайтиришдан иборат.

Акцияда 50 дан ортиқ ННТ вакиллари, ОАВ ходимлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар ва боғ ҳудудига 100 дан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Маълумки, кўчат экиш билан иш битмайди, уни давомий тарзда алоҳида эътибор билан парваришлаш ҳам лозим. Шунинг учун норасмий “ННТлар боғи” номини олган ушбу ҳудудда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари вақти-вақти билан дарахтларга сув қуйиб, тагини юмшатиб туришга, ён-атрофни турли чиқиндилардан тозалаб, атроф-муҳит тозалигига ҳисса қўшиб боришга келишиб олдилар.