Ҳеч кимга сир эмас, бугунги ҳаётимиз ва тараққиётга экологик муаммолар рахна солмоқда. Шу боис, жаҳон ҳамжамияти томонидан глобал экологик муаммоларга қарши курашиш ва барқарор ривожланишга эришиш йўлида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Юртимизда уюшқоқлик билан олиб борилаётган “Яшил макон” лойиҳаси эзгу қадриятларимиз давомийлигини таъминлаш ва барқарор ривожланишга эришишда муҳим омил бўлмоқда.
Мазкур жараёнда мамлакатимиздаги фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этишмоқда.
Хусусан, жойлардаги “ННТлар уйлари” ва маҳаллалар атрофида боғлар барпо этиб, яхши ниятлар билан мевали ва манзарали дарахт ниҳолларини, анвойи гуллар кўчатларини қадашмоқда.
Зеро, мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ишлар, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар халқни рози қилишга қаратилган. Давлатимиз раҳбари ҳар доим “ислоҳотлар натижасини одамлар ўз ҳаётида, маҳалласида сезсин”, деб талаб қўяди.
Шу мақсадда жорий йилги дастурлар доирасида 4 минг 100 та маҳаллани обод қилишга бюджетдан қарийб 29 триллион сўм маблағ ажратилди.
Қолаверса, атроф муҳимтни яхшилаш, она сайёрамиз, истиқомат қилаётган манзил, маконлар экалогиясини яхшилаш учун йил якунигача 75 млн. дона, 2023 йил баҳор ойларида яна 125 млн. дона мевали ва манзарали кўчатлар экиш бўйича топшириқлар берилди.
Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда 20 октябрдан 1 декабргача кўчат экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.
“Яхшидан боғ қолар”, дейди доно халқимиз. Шундай экан, бошлаган ҳайрли ишларимизни давом эттирган ҳолда, мазкур “долзарб 40 кунлик”да атроф муҳитни ҳимоя қилиш йўлида ўз ҳиссасини қўшиш истагида бўлган барча нодавлат нотижорат ташкилотларини, жамоалар ва фуқароларни фаол иштирок этишга чақирамиз!
Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, "дарахт ҳавас билан экилиши, халқимиз, маҳаллаларимизнинг маданиятига айланиши лозим".
Дарҳақиқат, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш ва табиий ресурслар муҳофазасини амалга ошириш, нафақат давлат органларининг, балки, ҳар бир инсоннинг вазифасидир. Бугун ҳавас билан ниҳол эксак, эртага улар янги-янги боғларга айланади, шу орқали келгуси авлодлар учун соф ва мусаффо табиий шароит яратилади.
Шундай экан, атроф муҳит тозалиги, она табиат мусаффолиги учун бирлашиб ҳисса қўшайлик!
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси