Хабарингиз бор, ўтган йили “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида ЎзННТМА ҳудудий бўлинмалари ва жойлардаги ННТлар иштирокида ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, жамоат яшил ҳудудларини ташакил этиш учун кўчат экиш акциялари ўтказилган эди.
Кўчат экиш бирламчи масала, аммо уни парваришлаш, тутиб кетиши учун етарли шароитни яратиб бериш муҳим жараён ҳисобланади.
Куни кеча ЎзННТМА ва Ўзбекистон нордавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди вакиллари томонидан Хоразм вилоятида барпо этилган яшил масканларнинг ҳолатини ўрганиш ва экилган ниҳолларни парваришлашда кўмак бериш мақсадида мониторинг тадбири ўтказилди.
Маълум бўлдики, ҳудудда ННТлар томонидан экилган кўчатларга вақтида сув бериш, ўғитлаш ишлари амалга ошириб келинмоқда. Экилган ниҳолларнинг деярли барчаси кўклаб, атроф муҳитни ўзининг яшиллиги, тоза ҳавоси билан безаб турибди.
Маҳаллалар, таълим масканларида барпо қилинган яшил ҳудудлар ҳам масъулларнинг эътиборида. Айниқса, экилган ҳар бир кўчатга ННТларнинг бириктирилгани бугун ўзининг ижобий натижасини бермоқда.
Мусаффо келажак учун бугундан ҳаракат лозимлигини инобатга олиб, вилоятдаги ННТлар жойларда экилган ниҳолларни эътиборсиз қолдираётган масъулларни “уйғотиш”, уларга туртки бўлиш мақсадида кўчат парваришлаш бўйича ҳам бошқаларга ўрнак бўлиш истагида, яъни вилоятлик ННТлар вакиллари Ўзбекистон нордавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди билан ҳамкорликда ҳудуднинг чекка жойларида ҳам яшил масканларини барпо қилиш, чинакам соф экотизимни ташкил этишни режа қилмоқдалар. Унда ҳам бугунгидек ННТларнинг фаоллиги, ташаббускорлиги ва ниҳолларга ғамхўрлиги талаб этилади.
Шунингдек, мониторинг давомида ЎзННТМА ҳузуридаги ННТларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган Ўзбекистон Қозоқ миллий маданий маркази Хоразм вилояти ҳудудий булинмасининг “Миллатлараро-дўстлик барҳаёт" номли 70 млн. cўмлик гранти лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар ҳам ўрганилди.
Мазкур лойиҳа доирасида Урганч тумани Комилжон Отаниёзов МФЙда ёшлар учун спорт майдончаси бунёд этилган бўлиб, бугунги кунда маҳлла ёшларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга хизмат қилимоқда.
Аммо, мазкур майдончанинг том қисмини ёпиш, ўриндиқларни бўяш ва майдонча деворларини қайта тиклаш учун қўшимча 12 млн. сўм миқдорда маблағ лозимлиги аниқланди.
ЎзННТМА ҳузуридаги ННТларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди раиси С.Халилов томонидан бу масалани ижобий ҳал қилиш учун таклиф ва тавсиялар берилиб, тегишли тартибда молиявий кўмак беришга келишиб олинди.
ЎзННТМА Ахборот хизмати