Бугун юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 30 декабрдаги тегишли фармони билан мамлакат миқиёсида дарахтзорларни кўпайтиришга оид “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ташаббуслар кенг қамров касб этмоқда.
Ҳудудда дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган хайрли лойиҳада Тошкент вилоятидаги ННТ ҳам четда туришгани йўқ.
Лойиҳа доирасидаги “долзарб 40 кунлик”ни сифатли ва кўтаринки руҳда ўтказиш, кўчат экишда масъулият билан ёндашиш мақсадида ўтказилган тадбирда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик комиссияси аъзолари, “Нурафшон” МФЙ мутасаддилари, участка нозирлари ҳамда аҳоли вакиллари, O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши ходимлари, ЎзННТМА Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси маъмурияти, Тошкент вилоятидаги Инвестиция дастурига киритилган ижтимоий соҳа объекти бўлган “Grand Med Center” МЧЖ раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирок этишди.
Ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик руҳида ўтган хашарда иштирок этганлар ЎзННТМА ҳузуридаги Жамоат фонди маблағлари ҳисобидан ажратилган 65 туп манзарали дарахт кўчатларини “Grand Med Center” МЧЖ биноси олдидан ўтувчи йўл бўйига биргаликда экишди.
Тадбир якунида кечган ўзаро қизғин мулоқотда ҳудудда "яшил боғлар" ва "яшил йўлаклар"ни барпо этиш, ўтқазилган дарахт кўчатларини суғориш, ҳар бир дарахтни парвариш қилиш учун масъулларни белгилаш, бу борада рағбатлантириш механизмларини кенг жорий этиш масалалари юзасидан ҳам бамаслаҳат келишиб олинди.
ЎзННТМА Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси