Қадрли ватандошлар!
Ўтаётган ҳар бир кунимиз, ҳар бир лаҳзамиз сизу бизни тобора Янги - 2022 йил остонаси томон етакламоқда. Ортда қолаётган 2021 йил юртимиз учун барокатли ва сермаҳсул йил бўлди.
Дунёда пандемия давом этаётган бир шароитда, давлатимиз йил аввалида ўз олдига қўйган улкан режаларни тўлалигича амалга оширди, дейишга етарли асосларимиз бор.
Хусусан, 2021 йил халқимизнинг тинчлигини, саломатлигини таъминлаш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадри-қимматини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар йили бўлди.
Айниқса, нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор қарор ва фармонлар қабул қилинди, уларнинг ижросини таъминлашда давлат ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги янада мустаҳкамланди.
Энг қувонарлиси, юртимизда амалга оширилган ислоҳотларда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳам фаол иштирок этди. Эришилган ютуқларда уларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор, десак адашмаган бўламиз.
Кириб келаётган янги йилда “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” деган ғояни қўллаб-қувватлаган ҳолда, халқимиз турмуш фаровонлигини таъминлашда, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида илгари сурилган вазифаларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳам янги ташаббус ва янги шижоат билан бунданда фаол бўлишларига ишонамиз.
Ҳурматли юртдошлар!
Миллий юксалиш сари бошлаган бугунги ислоҳотларимиз ҳамиша бардавом бўлишини тилаб, барчангизни кириб келаётган Янги йил билан Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси жамоаси номидан самимий қутлаймиз!
Сизларга соғлик-саломатлик, Ватан равнақи, юрт тараққиёти йўлида олиб бораётган улкан ишларингизда муваффақиятлар тилаймиз!
Кириб келаётган янги йил юртимизга қут-барака, хонадонингизга файзу тароват, оилангизга доимий шод-ҳуррамлик олиб кирсин!
Ҳурмат билан,
Камолиддин Ишанходжаев
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгаши раиси