2022 йил 23 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Тошкент давлат юридик университети ҳамкорлигида “Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида қайд этилган масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Жумладан, Мурожаатномада илгари сурилган муҳим йўналишлар, вазифалар, айниқса, Янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида қуриш мақсад қилгани, буни Конституцияда мустаҳкамлаш зарурияти мавжудлиги таъкидланди. Сўз олганлар “ижтимоий давлат” тамойилини амалга оширишда жамоат ташкилотлари, хусусан нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам ўзларининг ижтимоий лойиҳалари билан фаоллик кўрсатиши муҳимлигини таъкидлашди.
Қолаверса, келгуси йилларда инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартиришда муҳим омил бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиши, эртамиз эгаларининг етук шахс бўлиб етишишида нафақат давлат таълим муассасаларининг, балки нодавлат таълим ташкилотларининг ҳам ўзига хос ўрни борлиги қайд этилди.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 мартдаги ПҚ-5012-сон Қарори ва 2021 йил 4 мартдаги ПФ-6181-сон Фармонида кўзда тутилган масалалар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Хусусан, жорий йил якунига кўра республика бўйича 14 та “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи” ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан ННТларга мазкур бинога жойлашиш ва ундан беғараз фойдаланиш учун тавсияномалар берилди.
Бундан ташқари, Ассоциация томонидан ННТлар вакиллари малакасини ошириш, ташкилот фаолиятини тизимли ва инновацион ташкил қилиш, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда самарали иш услубларини жорий этиш бўйича ҳамкор ташкилотлар билан 317 та семинар-тренинглар ўтказилди.
Қолаверса, Давлат бошқаруви академиясида нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масадида 100 нафар ННТ раҳбарлари икки босқичда 72 соатлик дастур асосида ўқитилди.
Курсларда малака оширган ННТлар раҳбарлари “Тренерлар штаби”га бириктирилиб, улар томонидан ҳудудларда 613 та тадбирлар ташкил этилди ҳамда 637 та ННТларга консультатив ёрдам кўрсатилди.
ННТлар фаолиятига оид бўлган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш ва ҳуқуқий хулосалар бериш ҳамда консультатив маслаҳат хизматларини кўрсатиш мақсадида Ассоциация қошида ўз соҳасида катта тажрибага эга бўлган 112 нафар ННТ вакилларидан иборат “Экспертлар гуруҳи” ташкил этилди.
Эндиликда улар жойларда фуқаролик жамиятини шакллантиришда иштирок этаётган ННТлар билан бевосита ишлаб, уларнинг ташаббусларини амалга оширишда яқиндан ёрдам берадилар.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси фаол аъзолар ва ҳамкор ННТларни рағбатлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Шундан келиб чиқиб, тадбирда ҳам Янги Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун 80 дан ортиқ фаол нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари тақдирланди.