Бугун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Адлия вазирлиги ҳамда турли соҳаларда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар мустақиллигимизнинг ўтган ўттиз икки йили мамлакатимиз учун ниҳоятда қутлуғ ва баракали келганлигини, ҳар жабҳада асрларга татигулик ютуқлар қўлга киритилганлигини, Ўзбекистон дадил қадамлар билан дунёга юз тутганлигини алоҳида қайд этишди. Жаҳон жамоатчилигининг юқори минбарлардан айтаётган эътирофлари бунга мисолдир. Зеро, бундай ижобий ўзгаришлар юртдошларимиз қалбида миллий онг, миллий ғурур тушунчаларини шакллантиришда, ёш авлодни юртга дахлдорлик, муҳаббат, Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда катта аҳамиятга эга.
Шунингдек, таъкидландики, ўтган вақт ичида мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, уларга қулайликлар яратиш, фаолияти эркинлигини кафолатлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, шунингдек, ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида изчил ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Натижада сўнгги тўрт йилда фуқаролик жамиятининг энг асосий институти ҳисобланадиган нодавлат нотижорат ташкилотлари сони 9 мингдан ошди.
Бугунги кунда улар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилишда, ижтимоий, маданий ва маърифий мақсадларга эришишда муҳим роль ўйнамоқда.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида вилоятлар марказида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари” ташкил этилиб, жуда кўплаб нодавлат нотижорат ташкилотларининг бино билан боғлиқ муаммолари ҳал этилди ҳамда уларнинг ижтимоий фойдали фаолияти қайта тикланишига эришилди.
Қолаверса, Ўзбекистонда эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини, қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, аҳолининг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишга муносиб ҳисса қўшган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини рағбатлантириш мақсадида “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони таъсис этилди ҳамда соҳанинг 126 нафар фаоллари ушбу юксак мукофот билан тақдирланди.
Тадбир иштирокчилари эришилган яна жуда кўп ютуқларни эътироф этиш баробарида ННТлар олдида турган вазифаларни ҳам айтиб ўтишди ва Янги Ўзбекистон тақдим этаётган имкониятлардан фойдаланиб, қўйилган мақсад ҳамда вазифаларни биргалашиб, бир тану бир жон бўлиб амалга оширилса, бунданда улкан марраларга эришиш мумкинлигини қайд этишди.
ЎзННТМА Ахборот хизмати