Тоза ичимлик суви кўпчилик туман-у, қишлоқларда айниқса, энг чекка ҳудудларда яшайдиган аҳолини қийнайдиган муаммолар рўйхати бошида туради. Давлат томонидан мамлакатнинг ҳар бир нуқтасида ичимлик суви билан таъминлаш борасида қилинаётган ислоҳотлар инсонларни бу мавзудаги дардларига бутунлай барҳам бермаяпти. Шундай вазиятда давлатга нодавлат нотижорат ташкилотлари ёрдамчи бўлаётгани рост.
Аввал хабар берганимиздек, ЎзННТМА ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ходимлари жойларда ННТлар таклифлари ва фаолиятини ўрганиш мақсадида мониторинг тадбирларини ўтказишмоқда.
Ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси Фарғона вилоятида бўлиб ўтди.
Ташриф давомида Фарғона туманидаги ЎзННТМА аъзоси “Орзу” жамоа уюшмаси раҳбари А.Мадрахимовнинг Фарғона тумани, Оқбилол қишлоғи, “Янгиобод” МФЙ ҳудудидаги “Ёрқинлик” ва “Садо” кўчаларида истиқомат қилувчи 100 дан ортиқ хонадонни ичимлик суви билан таминлаш юзасидан билдирган таклифи ўрганилди.
Аниқландики, ушбу ҳудудда тоза ичимлик суви ва оқава сувлари танқис, шу сабали, аҳоли сувни ичишга яроқсиз бўлган қудуқлардан истеъмол қилмоқда.
Ишчи гуруҳ томонидан ўзининг ижтимоий лойиҳалари билан аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга ҳисса қўшган, тажрибага эга вилоятдаги бошқа ННТларни ҳам жалб қилган ҳолда мазкур муаммони ҳал этиш бўйича мақсадли режа белгилаб олинди.
Қолаверса, ташриф давомида Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан “ННТлар уйлари”да Ахборот-ресурс марказларини ташкил этиш бўйича Фарғона шаҳаридаги “ННТлар уйи” фойдаланувчилари билан ҳам маслаҳатлашув ўтказилди, мавжуд шароит кўздан кечирилди.
Қайд этилдики, ушбу Ахборот-ресурс маркази ННТларга умумий фойдаланиш учун топширилади, унда ишлаш учун барча қулайликлар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун алоҳида шароит яратилади.
Шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ЎзННТМА Фарғона вилоят ҳудудий бўлинмаси ходимлари томонидан амалга оширилган ишлар ва унинг бугунги кундаги ҳолати ҳам ўрганилди.
Мониторинг тадбирлари давомида ННТларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди раҳбари С.Халилов ва ЎзННТМА бўлим бошлиғи С.Мамановлар вилоятдаги 2021-2023 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида малака ошириб келган, ўз ташаббуси билан ташкил этилган ва фаол ННТлар раҳбарлари билан очиқ мулоқот ўтказишди.
Унда аҳоли саломатлиги, экология ва атроф муҳит, аёллар ва ногиронлар йўналишларида фаолият юритувчи фаол ННТлар раҳбарлари ўзларининг амалга ошираётган ишлари ва ҳудудлардаги ижтимоий долзарб масалалар ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб, муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларини тақдим этишди.
ЎзННТМА Фарғона вилояти ҳудудий бўлинмаси