Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Хоразм вилояти ташкилоти томонидан амалга оширилган “Хоразм вилояти Янгиариқ, Қўшкўпир ва Янгибозор туманларида соғлом авлодни тарбиялаш, ирсий, юқумли ва онкологик касалликларни олдини олиш” мавзусидаги лойиҳанинг якуний тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир давомида ижтимоий буюртма раҳбари З.Палванованинг ҳисобот маърузаси ҳамда координаторларнинг тақдимотлари тингланди.
Қайд этилики, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат - нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб - қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган ижтимоий бюртмалар танловида Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Хоразм вилояти ташкилоти Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Соғлом авлодни шакллантириш” йўналишидаги ижтимоий бюртмасини қўлга киритган эди.
Лойиҳа доирасида Янгиариқ, Қўшкўпир ва Янгибозор туманларидаги маҳаллалар сони, аҳоли ва оилалар сони, туғулиш ва касалланиш ҳолатлари кўрсатгичлари бўйича статистик маълумотлар шакллантирилди. Лойиҳага жалб қилинган шифокорлар назорати остида туман поликлиникаларида 1710 нафар фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказиб, уларга психологик маслаҳат ва тавсиялар берилди.
Шунингдек, Қўшкўпир туманидаги 10 та оилавий поликлиникаларда 85 нафар фарзанд кутаётган аёлларнинг ҳомиласида ирсий касалликларни аниқлаш мақсадида таҳлил учун қон олинди. Бундан ташқари, аёлларда 8 та турдаги ТОСН инфекцияси, онкомаркерлари ҳамда вирусли гепатитнинг В ва С турлари аниқлаш учун таҳлил ўтказилди. Туман бўйича жами 485 та қон анализлари олиниб беморларга ташхис жавоб варақалари етказиб берилди.
Таъкидландики, аҳоли ўртасида ирсий, юқумли ва онкологик касалликларни олдини олиш мақсадида аҳоли орасида бир қатор тушунтириш-тарғибот тадбирлари, индивидуал суҳбатлар ҳам ташкил этилиб, маҳаллаларда, ўқув масканларида ёшлар, айниқса оила қуриш арафасидаги йигит-қизлар билан учрашувлар ташкил этилди.
Тадбир давомида ушбу лойиҳани амалга оширишда ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган волонтёрлар ва ҳамкор ташкилот вакиллари рағбатлантирилиб, келгуси лойиҳаларда ҳам биргаликда ишлаш учун режалар тузиб олинди.
ЎзННТМА Хоразм вилоят худудий бўлинмаси