“World Justice Project” (WJP) халқаро ноҳукумат ташкилоти 2010 йилдан буён Қонун устуворлиги индексини эълон қилиб келмоқда. Индекс натижалари бутун дунё бўйлаб ҳукумат, ташкилотлар, бизнес, илмий доиралар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан қонун устуворлигидаги камчиликларни баҳолаш ва бартараф этиш учун қўлланилади.
Куни кеча Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан “World Justice Project” халқаро ноҳукумат ташкилоти ижрочи директори Элизабет Андерсен иштирокида онлайн вебинар ташкил этилди.
Вибинарда 30дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳам иштирок этди.
Унда Элизабет Андерсен хоним Қонун устуворлиги индексининг факторлари, Ўзбекистоннинг эгаллаб келаётган ўрни ва таҳлилларига батафсил тўхталиб ўтди.
Хусусан, ҳозирги вақтда Қонун устуворлиги индекси 8 та фактор (ҳукумат ваколатларини чеклаш, коррупциянинг йўқлиги, очиқ ҳукумат, асосий ҳуқуқлар, тартиб ва хавфсизлик, тартибга солиш, фуқаролик ва жиноий одил судлов) бўйича 142 мамлакатдан 149 000 дан ортиқ оилалар ҳамда 3 400 амалиётчи ҳуқуқшунос ва экспертларнинг сўровлари асосида шакллантирилмоқда.
2016-2023 йилларда бир қатор давлатларда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари бўйича кўрсаткичлар сезиларли даражада пасайган. 2023 йилда рейтингда иштирок этаётган давлатларнинг 59 % да қонун устуворлиги даражаси тушиб кетганлиги кузатилмоқда. Ўзбекистон рейтинги эса бу муддатда 8,9 % га ўсган.
—2016 йилдан буён инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилиш ҳар 4 та давлатдан 3 тасида ёмонлашган. Шунга қарамасдан Ўзбекистонда Қонун устуворлиги рейтингида барқарор ўсиш кузатилмоқда, - деди Элизабет Андерсен. —Ўзбекистон бу соҳада ўсиш кузатилган саноқли давлатлар қаторига киради. Жумладан, Ўзбекистон минтақавий рейтингда 15 та давлат ичидан 8-ўринни эгаллади. 2016 ва 2023 йиллар оралиғида 77 % давлатларда Асосий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш индексида сезиларли пасайиш кузатилган бўлса, Ўзбекистонда бу соҳада барқарор ўсиш қайд этилди. Қолаверса, сўнги етти йил ичида 74 % мамлакатларда Ҳокимият органлари ваколатларининг чекланганлиги индекси бўйича пасайишлар кузатилди. Бунда, давлатлар қонун чиқарувчи ва суд органлари, фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан ОАВ ижро этувчи ҳокимиятни назорат қилиш бўйича ўз ўринларини йўқотдилар. Ўзбекистонда ушбу индекс бўйича 2020 йилга нисбатан ўсиш кўрсаткич жорий йилгача барқарор сақланмоқда.
Вебинарда шунингдек, Ўзбекистонда Жиноий одил судлов индекси кўрсаткичлари 2022 йилда 0,46 балга нисбатан 0,44 балга камайганлиги, Тартиб ва хавфсизлик индекси бўйича 2019 йилдан буён 0,91 дан 0,90 балга тушганлиги ва бу барқарор сақланиб қолаётганлиги тўғрисида ҳам айтиб ўтилди.
Тадбирда иштирок этган ННТлар вакиллари Қонун устуворлиги индексини шакллантиришда матбуот майдонини мониторинг қилиш, медиа соҳасида фаолият юритадиган ННТлар фикрларини ўрганиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини тадқиқ қилиш ва рейтинглар эълон қилиш бўйича ўз таклифларини билдирдилар.
Тадбир якунида Элизабет Андерсен хоним бу соҳада нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаоллиги муҳимлигини, улар билан ҳар қандай ҳамкорликка тайёр эканлигини билдирди.
ННТларнинг таклифларидан келиб чиқиб, ЎЗННТМА томонидан матбуот ва сўз эркинлиги индекси, рейтинг натижалаларини яхшилашда нодавлат ОАВларнинг ўрни бўйича ҳам соҳа вакилларини таклиф этган ҳолда онлайн тадбир ташкил этишга келишиб олинди.