Ўзбекистон Чернобилчилар ассоциацияси Сирдарё вилояти бўлими вакилларининг аъзолари "Ижтимоий дорихона"лардан зарурий дори-дармон олишда ёрдам сўраб, ЎзННТМА Сирдарё вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан ташкил этилган “Очиқ эшиклар куни”да "Мадад" ННТ юристларига мурожаат қилди.
Мутахассислар шу заҳотиёқ Сирдарё "Дори-дармон" МЧЖ масъул ходими билан телефон орқали сухбатлашиб, масалани ижобий ҳал қилди. Энди Ўзбекистон Чернобилчилар ассоциацияси Сирдарё вилояти бўлими аъзолари керакли дори-дармонлар рўйхатини тақдим этиб, дориларни ҳеч қандай тўсқинликларсиз "Дори-дармон" МЧЖдан олишлари мумкин.
—ННТларнинг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини ошириш, ҳар қандай жараёнда ва ҳолатда қонунларга таянган ҳолда иш юритишни ўргатиш жуда муҳим. Айниқса, ёш ННТларнинг ҳуқуқий билимларининг камлиги сабабли фаолияти давомида кўплаб қийинчиликларга дуч келишмоқда. Ана шундай ҳолатларни олдини олиш учун ҳар ойда “Очиқ эшиклар куни”ни ўтказиб келяпмиз. Шу кунга қадар вилоятдаги 20 дан ортиқ ННТларга ҳуқуқий маслаҳат ва консултатциялар бердик. 10 дан ортиғининг муаммоларини ҳал қилишда кўмаклашдик, - дейди ЎзННТМА Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси ходими Азамат Раупов.
Ўтказилган тадбирда ННТлар вакиллари ННТларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий техник базаларини яхшилаш, жой билан таъминлаш масалаларини ҳам кўтариб, ўзларининг талиф ва тавсияларини билдиришди.
ЎзННТМА Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси