ЎзННТМАнинг барча ҳудудий бўлинмаларида “Экспертлар гуруҳи” ташкил этилди

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлашда ҳамда давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлигини кенгайтиришда ЎзННТМА ҳузурида ташкил этилган “Экспертлар гуруҳи”нинг ҳам ўзига хос ўрни бор.

Куни кеча, ЎзННТМАда “Янги Ўзбекистонда ННТларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш асослари ҳамда долзарб вазифалар” мавзуида ташкил этилган семинарда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси “Экспертлар гуруҳи” фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Низом ва “Экспертлар гуруҳи” таркиби масалаларига эътибор қаратилди.

Қайд этилдики, ЎзННТМАга аъзо бўлган нодавлат сектори фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг ташаббусларини амалга ошириш учун қулай ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий шароитлар яратишга кўмаклашиш, шунингдек, ННТларга услубий ва ҳуқуқий маслаҳат ёрдамларини кўрсатиш мақсадида ЎзННТМАнинг барча ҳудудий бўлинмаларида ННТлар вакилларидан таркиб топган “Экспертлар гуруҳлари” ташкил этилди.

Ушбу “Экспертлар гуруҳи” Ўзбекистон Республикасининг ННТлар фаолиятига оид бўлган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда, ННТлар фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш ҳамда ўрнатилган тартибда вазирлик ва идораларга тақдим этишда, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ННТлар томонидан тайёрланган таклифларни ўрганиб чиқиш ва ҳуқуқий хулосалар беришда ҳамда ННТлар вакилларига консультатив маслаҳат хизматларини кўрсатишда бевосита иштирок этадилар.

Тадбирда Ассоциация таркибидаги “Экспертлар гуруҳи” фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришда Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази билан ҳамкорликда иш ташкил этиш,  ННТлар фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ишлаш ва уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш тартибини гуруҳ вакилларига етказиш борасида иштирокчиларнинг маърузалари тингланди.

Иштирокчилар томонидан “Экспертлар гуруҳи” аъзолари сонини кўпайтириш ва тажрибали мутахассисларни жалб этиш, уларнинг фаолиятини янада кенгайтириш, электрон парталини яратиш, уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириб бориш бўйича Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази билан ҳамкорликда малака ошириш курслари ташкил этиш тўғрисида таклифлар билдирилди.

 

Н. Шодмонов,

ЎзННТМА нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини

ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи