ЎзННТМА жорий йилда қонунчиликка 400 дан ортиқ таклиф киритди

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий Ассоциацияси ва «Демократик ва инсон ҳуқуқлари» Институти томонидан, Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотлар бўйича USAID Дастури, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва Парламент тадқиқотлари Институти билан ҳамкорликда “Фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий давлатчиликни қарор топтириш жараёнларига таъсири: Нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти бошқа  институтларининг қонун ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш жараёнларидаги ўрни ва роли” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистонда эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, аҳолининг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш орқали миллий қонунчилик ва қонунчилик ташаббуслари, қонун ижодкорлиги ва уни қўллашда фуқароларнинг, қолаверса, фуқаролик жамияти бошқа институтларининг иштирокини кучайтиришга доир масалаларни атрофлича муҳокама этиш ҳамда ҳуқуқни қўллаш соҳасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган аниқ таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқиш тадбирнинг асосий вазифаси этиб белгиланди.

Қайд этилдики, сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳуқуқий давлатчиликни барпо этиш, қонун ижодкорлиги жараёнларида аҳолимизнинг, қолаверса, жамоат ташкилотларининг роли сезиларли даражада ортди. Буни куни кеча муҳокамаси якунланган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси мисолида ҳам кўриш мумкин.

Мазкур умумхалқ муҳокамаси давомида ёшлар, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институти вакиллари, умуман ватанимиз тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошларимизнинг 150 мингдан ортиқ таклифлари келиб тушган. Бу фуқароларга ўз хоҳиш иродаларини эмин-эркин билдириши учун барча қулайликлар яратиб берилаётганинг намунасидир.

Тадбирда фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий давлатчиликни қарор топтириш жараёнларига таъсирини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва бу борадаги муаммолар ҳам таҳлил қилинди.

Қайд этилдики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқишнинг барча босқичида, шу жумладан Вазирлар Маҳкамасига киритиш жараёнида нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан юқори турувчи ташкилотларга қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан киритилган таклифларнинг умумий сонини 2021 йилда 1 000 тага, 2025 йилда 5 000 тага етказилишини таъминлаш вазифалари киритилган эди.

Мамлакатимизда фаолият юритаётган 9 000 мингдан ортиқ фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан ННТлар мисолида таҳлил қилинганда,  биргина Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий Ассоциацияси ва унга аъзо ННТлар томонидан юқори турувчи ташкилотларга фуқаролик жамияти ривожига хизмат қилувчи қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан жорий йилнинг ўтган даври давомида 400 дан ортиқ таклифлар киритилган.

—Ассоциациямиз томонидан жойларда қонун ижодкорлиги фаолиятида давлат органларининг ва фуқаролик жамияти институтларини ўзаро ҳамкорлигининг самарадорлигини кўрсатиш ҳамда фуқаролик жамияти институтларини қонун лойиҳасини тайёрлаш босқичида қонун ижодкорлиги фаолиятига жалб қилишга қаратилган ташаббусларини ошириш бўйича семинар-тренинглар ўтказилмоқда, - дейди ЎзННТМА Кенгаши раиси ўринбосари Б.Машарипов. —Мазкур жараёнларга республикадаги етакчи ННТлар, давлат ташкилотлари вакиллари ҳам жалб этилмоқда.

Давра суҳбати иштирокчилари томонидан фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий давлат барпо этишдаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бу борада давлат органлари билан ҳамкорликни кучайтириш ҳамда иштирок этиш шакллари, усуллари ва механизмларини тартибга солувчи мавжуд қонунчилик нормаларини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари

миллий ассоциацияси