Куни кеча Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
“Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши биносида видеоанжуман шаклида ўтган бўлиб ушбу маросимда Ташкилот Марказий кенгаши раиси Ҳусан Ботиров, Нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси кенгаши раиси Камолиддин Ишанходжаев ва ушбу икки ташкилот аппарати ходимлари ҳамда жойлардан ҳудудий кенгашлар ходимлари иштирок этди.
Икки томонлама меморандум имзоланишидан асосий мақсад, жамоат ташкилоти сифатида фаолият юритаётган “Ватанпарвар” ташкилоти ва унинг тизимидаги муассасаларга Нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси кенгаши томонидан амалий, услубий ҳамда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб борилишидан иборат.
Тадбирда сўзга чиққан ташкилотлар раҳбарлари мазкур меморандум “Ватанпарвар” ташкилоти тизимидаги раҳбарлар ва ходимларнинг самарали бошқарув кўникмаларини ривожлантириш, молиявий барқарорликка эришиш, ижтимоий муҳим лойиҳаларни ишлаб чиқиш, ижтимоий шериклик ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, ижтимоий менежмент, ижтимоий тадбиркорлик йўналишларида салоҳиятларини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
—ЎзННТМА шу кунга қадар бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик меморандумларини имзолаган, - дейди ЎзННТМА раиси К.Ишанходжаев. —Мазкур ташкилотлар каби “Ватанпарвар” ташкилоти билан ҳам ўзаро ҳамкорлик бўйича бир қатор режаларни белгилаб олдик. Хусусан, ташкилот тизимидаги раҳбар ва ходимларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари фалиятига оид билмларини ошириш, ташкилот мақсад ва вазифаларини амалга ошириш учун маҳаллий ва хорижий грант маблағларини жалб қилишда яқиндан кўмаклашамиз. Бу борада “Ватанпарвар” ташкилотининг нафақат марказий ва вилоятлардаги ташкилотлари, балки 248 та бошланғич ташкилотлари билан ҳам ҳамкорликда ишлашга тайёрмиз.
Ҳар икки томоннинг ташаббуси билан имзоланган ҳужжатда, шунингдек, “Ватанпарвар” ташкилотининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, давлат дастурлари ва ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорликни кучайтириш белгилаб олинди.