Жорий йилнинг 23 август куни Ўзбекистон саратонга қарши жамиятининг Тошкентдаги марказий бўлинмасида ЎзННТМА ҳамда ушбу ташкилот раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад – ЎзННТМА ва Ўзбекистон саратонга қарши жамияти ўртасида ўзаро самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, ЎзННТМА фаолияти билан боғлиқ ислоҳотларни ҳисобга олган ҳолда келгусида икки ташкилот ўртасида меморандум имзолаш ҳамда ишлаб чиқилган дастурлар бўйича турли йўналишларда тадбирлар, “давра суҳбатлари” ва ўқув-семинарларни ташкил этиш.
Ўзбекистон саратонга қарши жамиятидан, ташкилот раҳбари – У. Маджидов ҳамда ЎзННТМА раиси биринчи ўринбосари Б. Машарипов ва “Халқаро ва хорижий тузилмалар, маҳаллий ННТлари билан ҳамкорликни ривожлантириш” бўлими бош мутахассиси Л. Умирзаков иштирок этди.
Бўлиб ўтган учрашув давомида ЎзННТМА ва Ўзбекистон саратонга қарши жамияти вакиллари ташкилотларлар фаолияти бўйича батафсил маълумот беришди. Жумладан, ЎзННТМА раиси биринчи ўринбосари Б. Машарипов Ассоциациянинг қайта ташкил этилгандан кейинги фаолияти билан ННТ раҳбариятини таништириб, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бандларидан келиб чиққан ҳолда, ҳамкорликни кучайтириш ва келгусида биргаликда қилинадиган ишлар бўйича таклифлар берди. Шунинг билан бир қаторда, Ўзбекистон саратонга қарши жамияти раҳбари У. Маджидов ўзаро тажриба алмашиниш, ННТлар ривожланиши учун грант маблағларини қўлга киритишдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ННТ ходимларининг, авваламбор, ҳуқуқий, касбий билим ва кўникмаларини ҳамкорликдаги семинар-тренинг, ўқув курслари орқали ошириш масалаларида алоҳида тўхталиб ўтди.
Учрашув сўнгида, ННТ раҳбари келгусида Ассоциацияга аъзо бўлиш тўғрисида ўз истагини билдириб, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун икки томонлама меморандум имзоланиши зарурлиги таъкидланди.