Жорий йилнинг 25 июнь куни USAIDнинг (АҚШ) Тошкентдаги ваколатхонасида ЎзННТМА ҳамда USAIDнинг ҳуқуқий ислоҳотлар дастури вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад – ЎзННТМА ва USAID ўртасида ўзаро самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, ЎзННТМА фаолияти билан боғлиқ ислоҳотларни ҳисобга олган ҳолда келгусида икки ташкилот ўртасида меморандум имзолаш ҳамда ишлаб чиқилган дастурлар бўйича турли йўналишларда тадбирлар, “давра суҳбатлари” ва ўқув-семинарларни ташкил этиш.
USAIDнинг Тошкентдаги ваколатхонасидан “USAID ҳуқуқий ислоҳотлар дастури” директор ўринбосари Р. Назарова ва координатор М. Мукимова ҳамда ЎзННТМА раиси биринчи ўринбосари Б. Машарипов ва “Халқаро ва хорижий тузилмалар, маҳаллий ННТлари билан ҳамкорликни ривожлантириш” бўлими бош мутахассиси Л. Умирзаков иштирок этди.
Учрашув давомида ЎзННТМА ва USAID вакиллари ташкилотларлар фаолияти бўйича қисқача маълумот беришди. Жумладан, ЎзННТМА раиси биринчи ўринбосари Б. Машарипов Ассоциациянинг қайта ташкил этилгандан кейинги фаолияти билан USAID раҳбариятини таништириб, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бандларидан келиб чиққан ҳолда, ҳамкорликни кучайтириш ва келгусида биргаликда қилинадиган ишлар бўйича таклифлар берди. Шунинг билан бир қаторда, ўзаро тажриба алмашиниш, ННТлар ривожланиши учун грант маблағларини қўлга киритишдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ННТ ходимларининг, авваламбор, ҳуқуқий, касбий билим ва кўникмаларини ҳамкорликдаги семинар-тренинг, ўқув курслари орқали ошириш масалалари муҳокама этилди. Ўз ўрнида, “USAID ҳуқуқий ислоҳотлар дастури” директор ўринбосари Р. Назарова USAID бугунги кунда турли йўналишларда фаолият олиб бориб, тегишли Дастур орқали Ўзбекистонда қонун устуворлигини таъминлаш ва ривожлантириш, ҳуқуқий таълим ва фуқаролик жамияти фаолияти учун қулай муҳит яратиш йўналишларига алоҳида аҳамият берилаётганини таъкидлади. Хусусан, ҳуқуқий ислоҳотлар дастури доирасида Адлия вазирлиги учун намунавий инвестиция шартномаси лойиҳасини тайёрлаш учун ёрдам кўрсатилганлиги ва ушбу лойиҳа Республикага қарийб 2 млрд. долларлик инвестиция келтирганлигига урғу берилди. Гендер тенглик борасида ташкилот кўмаги билан биринчи қонун ҳужжати қабул қилинди ва амалда гендер муносабатларида ўзига хос тартиб юзага келганлиги айтилди. Ҳуқуқий таълим йўналишида махсус ўқувлар ҳамда мунтазам равишда семинар-тренинглар ташкил этилиб, соҳа мутахассисларининг малакаси ошириб борилаётгани бўйича маълумот берилди. Бундан ташқари, бугунги кунда ташкилот ижтимоий жиҳатдан заиф бўлган гуруҳларга алоҳида эътибор қаратиб, уларга самарали механизмлар орқали ҳуқуқий хизматлар берилишини йўлга қўйилганлиги таъкидланди ва ҳуқуқий хизматлар даражасини юксалтириш ҳамда тўлақонли фуқаролик жамиятига ўтиш учун ННТларга етарли шароитлар яратиб, “ННТлар Кодексини” қабул қилиш зарурати мавжудлигига алоҳида урғу берилди.
Суҳбат сўнгида, икки ташкилот орасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун келгусида икки томонлама меморандум имзоланиши кераклиги таъкидланди.