2021 йилнинг 18 июнь куни «ЭКОСАН» экология ва саломатлик халқаро хайрия жамоат фонди томонидан навбатдаги Муассислар конференцияси ўтказилди. Конференцияда вазирликлар, қўмиталар, банк ва жамоат ташкилотлар мутассадди вакиллари иштирок этишди. Муассислар конференцияси фонднинг 2014–2021 йиллардаги амалга оширган фаолияти бўйича Васийлик кенгаши, Бошқарув ва Тафтиш комиссиясининг молиявий-хўжалик фаолияти ҳисоботлари тингланди ва тасдиқланди.
Конференцияда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгаши раиси Камолиддин Ишанходжаев ҳам иштирок этди.
Йиғилиш давомида аҳолининг экологик саводхонлигини ва маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, бу борада адабиётлар, плакатлар чоп этиш ва хайрия сифатида тарқатиш, аҳолининг ижтимоий-гигиеник ва экологик шароитини, ичимлик суви билан таъминлаш ҳолатини яхшилаш бўйича лойиҳалар, халқаро ҳамкорлик каби қатор масалалар юзасидан амалга оширилган ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Мазкур масалалар юзасидан ЎзННТМА Кенгаши раиси К.Ишанходжаев ҳам ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдириб ўтди. Шу ўринда, «ЭКОСАН» ва ЎзННТМА ўртасида ўзаро самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифи ҳам ўртага ташланди. Мазкур таклиф икки тараф томонидан тўла қўлллаб-қувватланди.
Муассислар конференциясида Бошқарув ва Васийлик кенгаши таклифларини инобатга олган ҳолда, фонд Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш хамда Васийлик кенгаши ва Бошқарувнинг янги таркиби, раисини сайлаш масалалари кўриб чиқилди. Шу ўринда ЎзННТМА Кенгаши раиси К.Ишанходжаев Васийлик кенгаши аъзоси этиб сайланди.