Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилоти миллий ассоциацияси раиси К.Ишанходжаев Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ)нинг Ўзбекистондаги референдумни кузатиш бўйича миссияси вакиллари билан учрашди.
Учрашувда конституциявий ислоҳотлар, шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, бунда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни ҳақида маълумот берилди.
Хусусан, Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси чоғида аҳолидан 220 мингдан ортиқ таклиф келиб тушгани, бу жараёнда ННТлар ҳам фаол иштирок этганлиги, таклифларнинг ҳар тўртинчиси лойиҳада ўз аксини топгани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, мулоқот давомида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда Ўзбекистондаги фуқаролик жамиятини институтлари, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларни кенгайтириш бўйича фикр алмашилди.
Ўз навбатида, хорижий томон мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини, ННТлари фаолиятини янада ривожлантириш борасида ҳар томонлама ҳисса қўшишга тайёрлигини таъкидлади.
Учрашув якунлари бўйича томонлар тизимли мулоқотни ва ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.