Бугун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан Тошкент вилояти адлия бошқармаси ҳамкорлигида ҳудудлардаги ННТларнинг фаолиятини ўрганиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан ЎзННТМА Кенгаши раисининг Тошкент вилоятидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари билан очиқ мулоқот учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда вилоятда фаолият юритаётган 30 га яқин нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди.
Шунингдек, онлайн палтформа орқали республиканинг турли ҳудудларидан 20 га яқин жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам тадбини бевосита кузатиб боришди.
Дастлаб, Тошкент вилоятида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Қайд эти лдики, бугунги кунда вилоятда 1004 та нодавлат нотижорат ташкилотлари мавжуд бўлиб, 2022 йил давомида 21 та ННТлар томонидан 590 млн сўм миқдорида грант маблағлари жалб қилинган.
Мазкур кўрсатгични янада ошириш, ННТларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, грант маблағларини жалб қилиш ҳамда ҳомийлик масалалари бўйича қонунчиликда белгиланган тартиблар юзасидан атрофлича тушунча берилди.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқотда ННТлари фаолиятида юзага келаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш масалалари ҳам очиқ ойдин муҳокама этилди.
Хусусан, Ўзбекистон болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциаицяси Тошкент вилояти бўлими раҳбари Барно Жабборова бундан 3 йил олдин ташкилотининг ҳисоб рақами вақтинча тўхтатилганлигини, бугунги кунда ҳомийлик асосида тадбирлар ташкил этиш учун ҳисоб рақамини яна қайта тиклашга эҳтиёж юзага келаётганлиги бўйича мурожаат қилди.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгаши раиси К.Ишанходжаев ҳисоб рақамини қайта тиклашда ҳеч қандай муаммо йўқлигини, иқтисодий фаол ҳолатга ўтиш нодавлат нотижорат ташкилоти фаолиятидаги ижобий жараён эканлигини айтиб, ҳуқуқий жиҳатдан тўғри йўл-йўриғ кўрсатди.
Бундан ташқари, мулоқотда Ўзбекистон Карлар жамияти вилоят бўлими вакили ходимларни ҳуқуқий кўмакка муҳтожлигини билдириб, малакали юрист жалб қилиш бўйича мурожаат қилди. Унинг мурожаатига жавобан ЎзННТМА ва “Мадад” ННТ билан имзолаган ҳамкорлик меморандумидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Карлар жамияти вилоят бўлимига мазкур ННТдаги малакали юристлар жалб қилинадиган бўлди.
Шунингдек мулоқотда ҳудуддаги ННТлар фаолиятини янада яхшилаш, уларга зарурий шарт-шароитларни яратишга қаратилган бир қатор таклифлар ҳам илгари сурилди.
Қувонарли жиҳати, берилган аксарият саволларга шу ернинг ўзида жавоб берилиб, малакали мутаҳассислар томонидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Вақт ва маблағ талаб этиладиган, қолаверса ижроси бевосита бошқа ташкилотларга боғлиқ бўлган масалалар тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда ҳал этишга қарор қабул қилинди.
Келгусида шу каби очиқ мулоқотларни республикамиз бўйлаб ўтказишга ва жойларга чиққан ҳолда ННТлар фаолияти билан танишиб, ўрганишлар олиб борган ҳолда давом эттиришга келишиб олинди.