Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясида Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабҳат билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув Ташқи ишлар вазирлиги ёрдамида амалга оширилиб, унда Ҳиндистон элчихонасининг сиёсий ишлар бўйича иккинчи котиби Ситеш Кумар, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси раиси Камолиддин Ишанходжаев ҳамда Ассоциация бўлим бошлиқлари иштирок этди.
Учрашув аввалида ЎзННТМА раиси К.Ишанходжаев Ҳиндистон элчисига ташриф учун миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси тарихи, асосий вазифалари, фаолияти, ҳорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари, Республикамизда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлар билан бирга давлатимизда демократик тамойилларга суянган фуқаролик жамиятини тузиш йўлида амалга оширилаётган ислохотлар ва ушбу йўналишда Ассоциация томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.
Ўз навбатида элчи Маниш Прабҳат Ҳиндистон билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар бир неча минг йиллик тарихга эгалиги, республикамиздаги вазирлик ва идоралар билан бир қаторда, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик қилишдан мамнун эканлигини айтиб, Ҳиндистон билан Ўзбекистон ННТлари ўртасида алоқани йўлга қўйишда Ассоциацияга амалий ёрдам кўрсатиш учун тайёрлигини билдирди.
Дўстона мулоқот шаклида ўтган учрашувда элчи томонидан бир қатор таклифлар илгари сурилди. Жумладан, гендер тенглиги, аёллар ҳуқуқлари ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича Ҳиндистонда ва Ўзбекистонда ташкил этилаётган тадбирларга соҳа ННТларини жалб этиш орқали уларнинг ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш икки давлат соҳа вакиллари учун ҳам муҳим эканлиги таъкидланди.
Билдирилган таклифлар ЎзННТМА томонидан қўллаб-қувватланди. Ассоциация вакиллари ҳамкорликда иш ташкил этишга ва ННТлар ривожига хизмат қиладиган янги лойиҳаларни амалга оширишга доимо тайёр эканликларини таъкидлашди.