ЎзННТМА ННТлар раҳбарларини малака ошириш курсига таклиф этади

Бугун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан “ННТлар раҳбарлари учун ташкил этиладиган малака ошириш курсига тингловчиларни саралаб олиш бўйича очиқ танловни ташкил этиш ва ўтказиш”  мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда жорий йилнинг июнь ва ноябрь ойида ННТ раҳбарлари учун бўлиб ўтадиган малака ошириш курсига тингловчиларни саралаб олиш бўйича очиқ танловни ташкил этиш ва ўтказиш, ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда тингловчиларга зарурий шарт-шароитларни яратиб бериш масалалари муҳокама марказида бўлди.

Қайд этилдики, мазкур ўқувлар Давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорликда давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 4 мартдаги “2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида “учинчи сектор” учун кадрларни тайёрлаш ва уларни малакасини ошириш мақсадида амалга оширилмоқда.

Ўтган йили 50 нафар нодавлат нотижорат ташкилотлар раҳбарларининг ташкилотни самарали бошқариш, молиявий барқарорликка эришиш, давлат идоралари билан ижтимоий шерикликни ривожлантириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳамда ижтимоий менежмент йўналишларида билим ва кўникмалари оширилган бўлса, жорий йил 100 нафар ННТ раҳбарларини мазкур йўналишларда ўқитиш кўзда тутилмоқда. 2025 йилга қадар жами 750 нафар ННТ раҳбарларини ўқитиш режалаштирилган.

Тингловчиларнинг малака ошириш курси билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан тўлиқ қопланади.

Мазкур малака ошириш курсига тингловчиларни саралаб олиш бўйича очиқ танлов махсус Низом асосида амалга оширилди. ЎзННТМА томонидан малака ошириш курсларига тингловчиларни саралаб олиш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида Ишчи комиссия тузилади. Комиссия талабгорларни Низомга мувофиқ тарзда саралаб олади.

ЎзННТМА вакилларининг қайд этишича, шу кунга қадар, ЎзННТМА томонидан мазкур малака ошириш курслари тўғрисидаги эълонлар оммавий ахборот воситалари ҳамда интернет тармоқлари орқали кенг омма эътиборига ҳавола этилди. Талабгорлардан талаб этиладиган ҳужжатлар намунаси билан ЎзННТМАнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали танишишлари мумкин.

Аризалар жорий йилнинг 20 май санасига қадар қабул қилинади.

Шунингдек, тадбирда Давлат бошқаруви академияси профессорлари ўқув дастурлари бўйича ҳам маълумот беришди. Хусусан, ННТлар фаолиятига оид халқаро тажриба бўйича энг замонавий назарий билимлар билан таништириш, давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини самарали ташкил қилиш кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда иш вақтини оқилона тақсимлаш, инсон ресурсларини бошқариш, шахсий самарадорликка эришиш бўйича бошқарув компетенцияларини ривожлантириш каби мавзуларда дарслар ташкил этилади режалаштирилган.

Ўқувларни муваффақиятли тамомлаган ННТлар раҳбарлари махсус сертификатлар билан тақдирланади ҳамда улар ЎзННТМА қошида ташкил этилган Тренинглар штаби аъзолигига қабул қилинади.