ЎзННТМА лойиҳалари хотин-қизлар бандлигини таъминламоқда

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Тошкент шаҳар Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази, “Халқ банки”  хамкорлигида кам таьминланган аёлларни бандлигини таьминлаш, шунингдек кредит муаммосига жавоб топиш мақсадида йиғилиш ўтказилди.

Унда ЎзННТМА вакиллари, кам таъминланган оилалар вакиллари, хотин-қизлар ва тижорат банклари вакиллари иштирок этишди.

– Айни пайтда юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини ошириш, касб-ҳунарга ўргатиш орқали янги иш ўринлари билан таъминлаш борасида ЎзННТМА Тошкент шаҳар бўлими турли тарғибот-ташвиқот тадбирлари, амалий семинарлар ўтказиб келмоқда, – дейди ЎзННТМА Тошкент шаҳар бўлими координатори Дилдора Мавлянова.– Бугун ўтказилган ўқув-семинарда “Халқ банки” ходимлари 60 нафар хотин-қизларга имтиёзли шартларда кредит ажратиш, уларга ўз бизнесларини бошлашларига кўмаклашиш ҳақида таклиф ва тавсиялар берилди.

Таъкидланганидек, юртимизда коронавирус пандемеяси давом этаётган бир пайтда хотин-қизларни, кам таъминланган оилалар вакилларини иш ўрни билан таъминлаш, оилалар даромадини оширишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш каби устувор вазифаларни амалга оширишда ЎзННТМА ҳудудий бўлимлари ҳам ташаббусларни амалга ошириб келмоқда.

– Биз нафақат хотин-қизларнинг ўз тадбиркорлигини бошлаши, касаначилик билан шуғулланишларига кўмаклашамиз, балки уларни касб-ҳунарга ўргатиш, тижорат банклари вакиллари билан амалий семинарлар, ўқувлар ташкил этган ҳолда оилаларнинг даромад топишига ҳам эътибор қаратамиз, – дейди ЎзННТМА Аёллар ва ёшлар бандлик таълим йўналиши бош консультанти Муҳаббат Бобомуродова. – Бу эса ўз навбатида янгидан янги иш ўринларини яратилишига, хотин-қизларнинг ўзини-ўзи банд қилишида аҳамият касб этади.

 

Тадбир якунида тижорат банклари вакиллари хотин-қизларнинг тадбиркорлик, касаначилик ва ўзини-ўзи банд қилиш борасидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдиришди. Шунингдек, ЎзННТМАнинг бу каби лойиҳалари янада кенг қамров касб этиши таъкидланди.