ЎзННТМА – давлат билан халқ ўртасидаги кўприк

«Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатида ННТларнинг иштироки

Ассалому алайкум қадрли ватандошлар!

Ўзаро меҳр-оқибат, хайру-саховат, ҳимматлилик, мурувватлилик каби юксак инсонпарварлик намуналари халқимизга хос эзгу фазилатлар сифатида доимо улуғланиб келинган. Юртимизда эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёши улуғ инсонларга ғамхўрлик кўрсатиш ва бир сўз билан айтганда, одамларга яхшилик қилишга алоҳида қадрият сифатида эътибор қаратилган. Бугунги кунда ҳам бу каби эзгу ишлар давом этмоқда. Зеро, дунёни яхшилик, эзгулик, меҳр-оқибат қутқаради, “яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир!”.

Айни кунларда Президентимиз томонидан халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда таклиф этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати ташаббуси кенг қулоч ёймоқда.

Халқимизда “Эзгуликнинг қаноти бор”, деган ҳикматли нақл бор. Одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, қийин дамларида оғирини енгил қилиш аҳолининг давлат ва жамиятга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Меҳр-саховатнинг эса катта-кичиги бўлмайди.

Жамият ва давлат ўртасида ижтимоий кўприк вазифасини бажарадиган ННТлар ҳам “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдилар ҳамда бундай савоб ишларни амалга ошириш халқимизга хос фазилат эканлигини доимо намоён қиладилар.

Мана деярли икки ойдирки барча юртдошларимиз, жумладан, бутун жаҳон аҳли синовдан ўтмоқда. Кўзга кўринмас вирус Она заминимизнинг тинч осуда ҳаётига, инсон саломатлиги билан бирга  оилалар дароматига, давлатлар иқтисодиётига ҳам зарар етказмоқда. Замонавий тиббиётнинг илғор ютуқларига қарамасдан, мамлакат ва миллат танламаётган офат оқибатида бугунгача ер юзида миллионлаб инсон ҳаётдан кўз юмди ва бу жараён афсуски давом этмоқда. Уларнинг орасида юртимиз одамлари, шунингдек, хорижда ишлаб яшаётган ватандошларимиз ҳам бор. Бунги информацион асрда  дунё аҳлининг ҳаёти бир-бирига узвий боғлиқлигини мана шу далилнинг ўз ҳам исботлаб турибди.

Ўзбекистонда ушбу офат давридан талофатсиз, вазиятни қўлдан бермасдан ўтиш борасида ўз вақтида тезкор чоралар кўрилгани, аввал бошданоқ тизимли ишлар йўлга қўйилгани, етарлича маблағ ажратилгани натижасида аҳолининг барча қатламини бирдек қўллаб-қувватлаш ҳамда коронавирусни жиловлаб туриш имкони яратилди. Айни кунларда ушбу дардни юқтираётганларга кўра дарддан фориғ бўлаётганлар сони ортиб бораётгани бунинг далилидир.

Мамлакатимиз Президенти томонидан аҳоли ўртасида касалликнинг кенг тарқалиб кетишини шунингдек, юзага келадиган ижтимоий-иқтисодий оқибатларни олдини олишга қаратилган муҳим ҳужжатлар қабул қилинмоқда, видеоселектор йиғилишлари мунтазам ўтказилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати ҳам давом этмоқда.  Умумхалқ ҳаракати  бугунги кунда ҳар бир ташкилот ҳамда ҳар бир  инсон олдида катта масъулият борлигини кўрсатади.  Буни чуқур ҳис этган ҳолда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси жамоалари ўз сиёсий иродасини намоён этишга, қатъий позициясини билдиришга, ташаббус, фидойилик кўрсатишга бор имкониятларини ишга солмоқдалар. Зеро, ҳозирги синовли кунларда бир-биримизга елкадош бўлиш, бу бало-ю, офатга қарши ўз жонини таҳликага қўйиб бўлса-да, курашаётган жонкуяр ва олижаноб шифокорларимизни қўллаб-қувватлаш, юзага келган вазиятни кенг жамоатчиликка тўғри етказиш муҳим вазифаларимиздан биридир.

Онлайн иш усулига ўтган ЎзННТМА ҳам ушбу фаолиятга муносиб ҳисса қўшмоқда. Масалан, ЎзННТМА томонидан эълон қилинган “Мен карантин қоидаларига тўлиқ риоя қиламан. Сиз-чи?” акцияси, “Тождор вирус пандемиясини енгишда миллий қадриятларимиздан бири – саломлашиш одоби ва шахсий гигиенага риоя қилинг”, "Коронавирусни енгишда бизга миллий саломлашиш одоби ёрдам беради", “Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси онлайн фаолият юритмоқда”, “Ўзингизни ва оилангизни асранг” каби мақолалар ҳамда ушбу мавзу бўйича тайёрланган 3та махсус ижтимоий ролик, 2та электрон ижтимоий баннер ngo.uz, uza.uz, gujum.uz, darakchi.uz, pv.uz сайтларида чоп этилди ва 20дан ортиқ телеграмм гуруҳларида эълон қилинди.

Шунингдек, фейсбукдаги “Халқ билан мулоқот”, “ВУЗы.uz”, “Депутатлар минбари”, “Адлия билан мулоқот”, “Блоггер Узбекистан онлайн – Online bloggers of Uzbekistan”, “Маънавият ва маърифат, “Фуқаролик жамияти – Гражданское общество – Civil cosiety”, “UZBUNYODKOR”, “Шоир овози”, “O’zLiDeP “Yoshlar qanoti” - Молодежное крыло УзЛиДеП”, “O’zLiDeP “Аёллар қаноти - Женское крыло УзЛиДеП” гуруҳларида эълон қилинди. Ушбу гуруҳларнинг 230 мингдан ортиқ аъзолари мавжуд.

Шунингдек биз ҳукуматимиз томонидан яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда, вилоят бўлинмаларимиз билан онлайн мулоқот қиляпмиз. Ҳудудларда карантин шароитида ННТларнинг мақсадли гуруҳлари ташкил этилган. У қандай гуруҳлар дерсиз.

Республика махсус комиссиясининг қарори билан Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари фаолиятида ЎзННТМА аъзолари ва барча ҳудудий координаторлари волонтёрлар сифатида иштирок этмоқда. Масалан, Тошкент шаҳрида Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази Ўзэкспомарказ Миллий кўргазма мажмуаси таркибидаги павильонда ташкил этилган бўлиб, у ерда ЎзННТМАнинг Тошкент шаҳар бўлинмаси ҳамкорликда ишламоқда.

Ушбу фаолият ҳудудларда давом этмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Наманган, Бухоро, Жиззах, Фарғона, Қашқадарё, Хоразм, Сурхондарё, Сирдарё, Самарқанд вилоятларида ННТ вакилларидан иборат онлайн гуруҳлар ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

 ННТларнинг мақсадли гуруҳлари – якка ёлғиз кишилар, қариялар, боқувчисини йўқотганлар, ногиронлиги бўлган шахслар, кўп болали оилаларнинг ҳолидан он-лайн хабар олиб, уларнинг эҳтиёжларини хайрия ёрдамларини мувофиқлаштириш марказларига он-лайн етказиш ишлари билан шуғулланмоқдалар.

ЎзННТМА аъзолари ушбу йўналишда ҳудудларда онлайн тарзидаги ижтимоий кўприк, десак арзийди. Мақсадли гуруҳлар энг эҳтиёжманд инсонларни аниқлаб, Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларига, Маҳалла ва оила вазирлиги ҳузуридаги   “Саховат ва кўмак” мувофиқлаштириш марказ билан боғлаш вазифасини бажармоқда. Бунда асосан керакли маълумотларни тегишли инсонларга етказиш, улар билан масофадан туриб, алоҳида гаплашиб, ҳолатни, вазиятни аниқлаш ва тушунтириш ҳамда сўровлар, мурожаатлар ижросининг  таъминланишини назорат қилиш билан шуғулланяптилар. Масалан, Жиззах бўлинмасининг ташаббуси билан 300 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга дори-дармонлар ва тиббий жиҳозлар хайрия тарзида етказилди.

ЎзННТМА Бухоро вилояти бўлинмаси Бухоро вилоят ҳокимлиги ҳамда саховатпеша ҳомийлар ҳамкорлигида ижтимоий ҳимояга муҳтож жами 500дан ортиқ кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Шунингдек ННТлар томонидан ҳудудда яшовчи аҳоли учун қишлоқ хўжалиги ярмаркаси ташкил этилиб, арзон нархларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш ишлари амалга оширилди. Тараққиёт ННТ томонидан ҳудудда яшовчи фуқароларга тиббий никоблар, спирт ва антисептик воситалари таркатилди. Шунингдек, ҳудуддаги 22 нафар ишсиз фуқаролар, шундан 12 нафари аёл, 10 нафари эркак фуқаро жамоатчилик асосида иш билан таъминланди.

Мамлакатимиз раҳбари видеоселектр йиғилишида карантин даврида аҳоли ўртасида кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни, таморқани ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берди. Ушбу даъватга лаббай деб жавоб берган “Тадбиркор аёл” ишбилармон аёллар ассоциацияси Урганч шаҳар  бўлими томонидан индивидуал маскалар тикиш йўлга қўйилди ва аҳолига бепул тарқатилмоқда.

Йил бошида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва ҳудудий бўлинмаларининг 2020 йилга мўлжалланган ахборот-таҳлил, тарғибот-ташвиқот, ташкилий-ҳуқуқий йўналишлардаги фаолияти ДАСТУРИ ишлаб чиқилган эди.

ЎзННТМА Дастурида асосий эътибор Ҳаракатлар стратегияси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасиҳамда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури ва бошқа дастурларда белгиланган устувор вазифаларнинг ижросини таъминлашда ННТларнинг фаоллигини оширишга, ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган.  Биз ушбу белгиланган вазифаларни ҳам онлайн тарзда амалга ошириб келмоқдамиз.

2020 йилнинг биринчи чораги давомида ЎзННТМА Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон бухгалтерлар ва аудиторлар ассоциацияси, Ўзбекистон инглиз тили ўқитувчилари ассоциацияси, Ўзбекистон сартарошлар ассоциацияси, «Тадбиркор аёл» ишбилармон аёллар ассоциацияси, “Шарқ аёли” халқаро жамоат фонди, «Фаровон юрт» хайрия жамоат фонди, “Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази, “Сабр” ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази, “Мадад”, “Соғлом она ва бола” маркази , Муҳандислик таълими ассоциацияси, Ногирон ишбилармон аёллар ассоциацияси, «Халқаро журналистларни тайёрлаш» маркази, «Истиқболли авлод» маркази, «Пенчак силат» спорт клуби, «Интербилим», «Етакчи», “Тараққиёт”, «Қалб меҳри», «Оилаларни ва мактабларни қўллаб-қувватлаш» каби қатор ННТлар билан ҳамкорликда 30дан ортиқ чора-тадбирларни амалга оширди.

Соғлом она ва бола” аёллар ваёшларни қўллаб-қувватлаш нодавлат нотижоратташкилоти ҳамда “gujum.uz” электрон газетаси билан ҳамкорликда карантин даврида қатор онлайн акциялар амалга оширилиб, кенг ёритиб борилмоқда. Масалан, Ҳамкорликда карантин даврини уйда қолиб, вақтини мутолага бағишлашга даъват этувчи ”Эзгу ўйли болалар” танлови эълон қилинди.

 «Умрбоқий мерос» Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази, “Шарқ зиёкори” китоблар уйи ва ЎзННТМА ҳамкорлигида китобхон ёшлар танловининг биринчи босқичи якунларига бағишланган онлайн тадбир ўтказилди.

ЎзННТМА давлат ташкилотлари билан ҳамкорликни ҳам кенг йўлга қўймоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси билан биргаликда ННТлар ва бизнес субъектларининг ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ижтимоий шериклик асосида мустаҳкамлаш, ижтимоий лойиҳа ва тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда ННТларнинг раҳбарлари ва ходимларининг малакасини ошириш, ижтимоий тадбиркорликни кучайтиришда доимий ҳамкорлик қилиш ва уларни амалга ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

 Инновацион ривожланиш вазирлиги ва ЎзННТМА ўртасида ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш юзасидан меморандум ва қўшма иш режаси лойиҳалари ишлаб чиқилди ҳамда мазкур ҳужжатлар юзасидан музокаралар олиб борилмоқда;

 Шунингдек, ЎзННТМА аъзолари телеграмдаги “Помощь одиноким старикам и инвалидам в Ташкенте” ва “Ўзбек бизнесменлари, бирлашайлик!”, Сардор Раҳимхон бошчилигида ташкил этилган "Юрак амри" инсонпарварлик лойиҳаси, “Бумеранг ДОБРА” каби гуруҳлар таркибида ҳам хайрия ва мурувват ишларида иштирок этмоқда.

ЎзННТМАнинг ҳар бир ходими томонидан ўз йўналишии бўйича ижтимоий тармоқларда ўрганишлар ўтказилмоқда, жумладан, uz.a, kun.uz, daryo.uz, podrobno.uz, gazeta.uz, t.me/koronavirusinfouz ... каби сайтлар ва саҳифалар доимий мониторинг қилиниб, бугунги кунда ННТлар томонидан эътибор қаратилиши лозим бўлган долзарб муаммолар, ЎзННТМА фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича жамоатчилик фикри таҳлил қилинмоқда ҳамда таҳлил натижасига кўра ҳар бир ходим ўзининг таклиф ва режаларини тайёрламоқда. Шунингдек, Ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган материалларни доимий кузатиб бориб, уларга ўз муносабатини билдириб, яъни ННТларга тегишли бўлган ҳар бир постга изоҳ берилмоқда, лайк ва репостлар қилинмоқда. ННТлар фаолиятига оид ижтимоий тармоқлардаги маълумотларга ҳафта давомида 300дан ортиқ изоҳ (комментарий), лайк ва репостлар қилинган).

Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва молия институтлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлилий ўрганилмоқда ҳамда ЎзННТМА фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва уни такомиллаштириш масалаларига бағишланган илмий-услубий қўллама тайёрланмоқда...

 

Умуман олганда, ЎзННТТМА ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан 2020 йилнинг биринчи чорагида 50 дан ортиқ тадбирлар ўтказилди.

 

ЎзННТМАнинг Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан “Биз оилавий китобхонмиз” ва “Уй кутубхонаси” ижтимоий канали ташкил этилди. Келгусида нафақат бадиий адабиётлар, шунингдек ёшларга ҳунар ўргатишга йўналтирилган қўлланмалар, уй бекаларига рўзғор юритишдаги илмий тавсиялар, пазандачилик ва томорқадан фойдаланишга оид тавсиялар жамланган китобларни ҳам электрон шаклларини канал орқали етказиш учун ҳамкорлар билан алоқа ўрнатилди.

 ЎзННТМАнинг Сирдарё вилоят вилоят худудий бўлинмаси  Сайхунобод туманидаги ногиронлар, уруш ҳамда меҳнат фаҳрийлари ва аҳолининг бошқа мухтож қатламларидан 20 нафарига ўттиз турдаги дори-дармон воситалари ва 20 нафарига ҳароратни ўлчашда ишлатиш учун термометр эллик нафарига ниқоб, йигирма нафарига антисептиб маҳсулотлари тақатилди.

ЙҲХБ ходимлари билан 100 дона ниқоб ва 50 дона антисептик воситалар махсус транспорт ходимларига тарқатилди. Бундан ташқари Гулистон шаҳар Қизил Ярим Ой Жамияти бўлинмаси ходимлари билан Гулистон шаҳридаги шифохоналарда даволанаётган беморлар ҳолидан хабар олиш мақсадида, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда вилоят Тери таносил касалликлари шифохонаси Диспанерида ниқоб, антисептик маҳсулотлари ва шахсий гигиенага оид буклетлардан 100 нафар беморларга тарқатилди. Бундай мисолларни кўплаб санаш мумкин. Энг асосийси бу фаолиятдан кўриб турибмизки, бирдамликдир!

Бугунги ахборотлашган, хабарлар сониялар ичида Ер юзига тарқалаётган даврда, жаҳон ОАВлари маълумотларидан маълумки, тожвирусидан биргина йўл билан ҳимояланиш мумкин, бу ҳам бўлса ҳар бир инсон уйда қолиб, ўз-ўзини асраш орқали оила аъзоларини, қўни-қўшниларини, маҳалласини, қолаверса, жамиятни ва дунёни хавфдан асрайди.

Бунинг учун кўнгилда ишонч ва  хотиржамлик, сабр-қаноат бўлиши зарур. Аслида хотиржамлик кўнгилда сабр туйғусини уйғотади. Сабрли кишида қаноат ҳам келажакка ишонч ҳам бўлади. Зеро, машҳур аллома, буюк ҳаким Ибн Сино “Сабр — шифонинг бошланишидир”, деб таъкидлаган сўзларида ҳикмат кўп. Аслида бу дунё ғурбат излаганга ғурбатдир, ҳикмат излаганга ҳикматдир. Азиз ватандошлар сабр қилиб, ҳикмат излаб яшашга даъват қиламан..

Насимжон Алимов,

ЎзННТМА Кенгаши раиси