ЎзННТМА аъзолари сони яна биттага кўпайди

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан Ўзбекистон республикаси Нотариал палатаси аъзолар сафига қабул қилиниб, ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

– Мамлакатимизни модернизация қилиш ва жамиятни демократик янгилаш, адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш борасида юртимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – деди Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси раиси Насимжон Алимов. – Ушбу жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг роли ва аҳамиятини кучайтириш, уларни давлат ва жамият қурилишидаги ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ўз фаолияти давомида қатор ташкилот ва муассасалар, уюшмалар билан ижтимоий шериклик муносабатларини йўлга қўйиб, муайян саъй-ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда. Бундай ҳамкорликдаги амалий ишлар жамиятда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тадбир иштирокчилари ва томонлар таъкидлаганидек, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси  ва Ўзбекистон республикаси Нотариал палатаси ўртасида имзоланган меморандум нотариал идоралар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш ҳамда қонун ҳужжатларининг бир хилда қўлланилишини таъминлашга доир таклифлар ишлаб чиқиш борасида амалга ошириладиган ҳамкорликда аҳамият касб этади.