Ўзбекистонлик ННТлар вакиллари тожикистонлик ННТлар билан тажриба алмашди

USAIDнинг Марказий Осиёда Сил касаллигига қарши курашиш бўйича лойиҳаси (ETICA) томонидан жорий йилнинг 22-26 май кунлари Тожикистон Республикасида ташкил этилган “Ҳамкорларнинг ўзаро тажриба алмашиш ташрифи” амалга оширилди.

Унда ЎзННТМА ҳамда ўзбекистонлик ННТлар вакили иштирок этишди.

Ташриф доирасида Марказий Осиёда Сил касаллигига қарши курашиш бўйича Тожикистонда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишилди.

Хусусан, Тожикистон қизил ярим ой жамиятининг Вахдат туман бўлими ва тумани 1-сон поликлиникасида тажриба алмашиш мулоқоти бўлиб ўтди.

Ўтказилган мулоқот давомида Тожикистонда сил касаллиги билан касалланганларни аниқлаш, уларни даволаш, уларга маънавий далда бериш, касаллик ва унинг олдини олиш борасида тарғибот тадбирларининг олиб борилиши ва бунда ННТларнинг шу жумладан волонтёрларнинг иштироки ҳақидаги масалалар муҳокама қилинди.

Ўз навбатида бу борадаги Ўзбекистон тажрибаси ҳақида ҳам ахборот берилди.

Мазкур учрашувда ҳам сил касаллигини аниқлаш, даволаш, тарқалишининг олдини олиш, келиб чиқиш (юқиш) сабабларини аниқлашда мутахассисларнинг фаолияти ҳамда мазкур тадбирларга жамоат бирлашмаларини, шу жумладан кенг жамоатчиликни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари Данғара туманида ўзбек ва тожик мутахассислари томонидан “Стигма ва дискриминацияни камайтиришга қаратилган сил касаллиги ҳақида хабардорликни ошириш” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.

Энг аввало касалликни юқтирмаслик, агарда у аниқланадиган бўлса касалликни енгиб ўтиш, ўзини қандай тутиш, атрофдагилар билан муносабат ҳақида зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, Душанбе шаҳардаги “АВЕСТО” ва “Оилавий тиббий ходимлар” нодавлат ташкилотлари раҳбарлари билан учрашув ўтказилди.

Учрашув давомида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси фаолияти, Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, ижтимоий шериклик муносабатлари, ижтимоий муаммолар ечимида давлат органи ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамкорлиги масалаларида тажриба алмашилди.

Д.Иззатов,

ЎзННТМА Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси бошлиғи