Ўзбекистон ва Ҳиндистон: маданий-тарихий аълоқлар минг йиллик тарихга эга

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгаши раиси К.Ишанходжаев Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабҳат билан учрашган эди.

Мазкур учрашувда икки давлатнинг маданий аълоқаларни янада мустаҳкамлашга ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолитига қаратилган бир қатор таклиф ва фикрлар билдирилган эди.

Хусусан, элчи Маниш Прабҳат Ҳиндистон Республикаси элчихонаси ҳамда Лал Бҳадур Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази томонидан ҳинд кино актёри Раж Капур ҳамда Ўзбекистон ва Ҳиндистон маданияти йўлида фидокорона хизмат қилган Мохинур Салимоваларнинг хотирасига бағишлаб ташкил этиладиган тадбирга Ассоциация ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини таклиф этган эди.

Мазкур таклифга биноан куни кеча ассоциация ҳамда ННТлар ходимлари ҳинд кино актёри Раж Капур ҳамда Ўзбекистон ва Ҳиндистон маданияти йўлида фидокорона хизмат қилган Мохинур Салимоваларнинг хотирасига бағишлаб ўтказилган маданий тадбирда иштирок этишди.

Тадбирда Ўзбекистон ва Ҳиндистон маданияти ривожида ҳамда маданий аълоқаларини мустаҳкамланишида кино ва маданият вакилларининг ҳиссаси катта эканлиги таъкидланди.

Тарихий яқинликка асосланган минг йиллик муносабатларимизни янада равнақ топтириш, ўзаро алоқаларни янги чўққиларга олиб чиқиш учун ҳар икки давлатда ҳам кенг шароитлар яратиб берилаётганлиги алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, тадбир доирасида Раж Капур ҳаёти ва ижодига бағишланган китоб тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.