Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар изчиллигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида:

1.Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Молия вазирлигининг энг кам пенсия ва нафақа миқдорларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифларини инобатга олиб, 2021 йилнинг 1 июлидан бошлаб:

а) белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдорида ва ундан кам пенсия олувчи шахсларга пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида қўшимча тўлов (кейинги ўринларда – қўшимча тўлов) жорий этилсин.

Бунда, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 256 675 сўмдан 400 000 сўмга оширилади;

б) белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан 565 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори 565 000 сўмга етказилсин;

в) зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа миқдори 315 030 сўмдан 400 000 сўмга етказилсин;

г) боқувчисини йўқотганлик:

пенсияси олувчиларнинг ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун қўшимча тўлов жорий этилсин;

пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори 256 675 сўмдан 400 000 сўмга оширилсин ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўлансин;

нафақаси олувчи оилаларнинг барча аъзоларини қамраб олиш мақсадида уларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори 400 000 сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 150 000 сўмдан қўшилиши белгилансин;

д) болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа ойига 513 350 сўмдан 565 000 сўмга оширилсин.

2. Молия вазирлиги ушбу Фармонда белгиланган чора-тадбирлар билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун зарур маблағларни бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси қолдиқ маблағлари ҳамда республика бюджети ҳисобидан ажратилишини таъминласин.

3. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига Молия вазирлиги билан биргаликда ушбу Фармон мақсади ва вазифалари оммавий ахборот воситаларида ва Интернет тармоғида кенг ёритилишини таъминлаш тавсия этилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

5. Молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

6. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Кучкаров зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

       Президенти                                                    Ш.Мирзиёев