Умуминсоний ва миллий қадриятларга асосланган сайловлар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиб, халқимиз тақдири ва келажаги билан боғлиқ. Дарҳақиқат, ҳар қандай демократик жамиятда танланган жараён одамларнинг нафақат бугунги ҳаётга, балки келажакка бўлган юксак ишончи ва умидининг ёрқин аксидир.
Замонавий фуқаролик жамиятини шакллантиришда, демократия ўрнатишда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли йилдан-йилга ошиб бормоқда.
Ҳозирги вақтда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари демократик ҳуқуқий давлат қуриш, қонун устуворлигини таъминлаш, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини оширишга кўмаклашиш борасидаги фаоллиги ошмоқда.
Бу йилги президент сайловларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш доирасида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга қаратилган бир қатор ўқув курсларини ўтказмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 23 сентябрь куни Ассоциация томонидан“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида нодавлат нотижорат ташкилотларнинг фаол иштирокини таъминлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқий маданиятини ва ролини ошириш”га бағишланган ўқувлар ташкил этилди.
Ушбу ўқув курслари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 мартдаги «2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-6181-сонли Фармонида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув курсларини ташкил этиш вазифаларни бажариш мақсадида ўтказилди.
Ўқувларни Ассоциация Кенгаши раиси Камолиддин Ишанходжаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Шухрат Бафаев кириш сўзи билан очиб бердилар.
Видеоконференция тарзида ўтказилган ўқувларда, сайлов тизими ва принциплари, сайлов қонунчилиги, сайлов ҳуқуқи ва жараёни, электорал маданият ва сайлов маданиятини оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ўрни ва роли мавзуларида билим ва кўникмалари шакллантирилди.
Ўқув курсларида 150 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ва ҳодимлари онлайн тарзда иштирок этдилар.
Ўқувлар давомида мавзуга оид берилган саволларга мутассадилар томонидан атрофлича жавоб берилди.