2023 йил учун Наманган вилоятида 9 та ННТга давлат субсидияси ажратилган. Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб қувватлаш Жамоат фонди томонидан ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш, лойиҳаларга тўғри йўналтирилиши юзасидан ННТлар биринчи чорак ҳисоботларини тегишли ташкилотларга тақдим этиши керак.
Мазкур жараёнда ННТларни қўллаб-қувватлаш ва тегишли кўрсатмалар бериш мақсадида куни кеча ННТлар вакиллари учун семинар ташкил этилди.
Жамоат фонди директори Н.Нуралиева вилоятдаги 9 та ННТнинг 200 нафарга яқин ходимлари ажратилган субсидиялар хисобидан ойлик маош билан таъминланаётганлигини, бу ўз навбатида ушбу ННТлар фаолиятига ижобий таъсир кўрсатишини, ижтимоий лойиҳалар орқали фуқароларнинг бандлиги таъминланаётганлигини таъкидлади.
Тадбирда шунингдек, “Давлат субсидияси ажратиш тартиби ва шартлари тўғрисидаги НИЗОМ” талабларидан келиб чиқиб, ҳисоботларни ўз вақтида топшириш тартиби батафсил тушунтирилди.
Шунингдек, тадбирда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси ва Референдум қонунчилигининг мазмун-моҳияти юзасидан ҳам тақдимотлар ўтказилди.
Соҳа вакиллари янгиланаётган Конститутцияга киритилаётган янги боб, модда ва нормалар юзасидан атрофлича маълумот беришди.
Хусусан, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг ҳуқуқий мақоми алоҳида бобда акс эттирилаётганлиги, ёшлар, хотин-қизлар, қолаверса, фуқароларнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқлари янада ортаётганлиги тўғрисида тушунтирилди ва барча ННТлар вакилларини жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган умумхалқ референдумида фаол иштирок этишга чақирилди.