Президент Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни имзолади. Ҳужжат Конвенциянинг 12-моддасига қўшимча шарт билан ратификация қилинди. Мазкур қўшимча шарт давлат ментал ногиронлиги бўлган кишиларга ҳуқуқ лаёқатини беришга тайёр эмаслигини, мазкур модда ижросига ўтиш бирмунча вақт олишини англатади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 июнь куни «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь) ратификация қилиш ҳақида"ги қонунни имзолади. Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 18 майда қабул қилинган, Сенат томонидан 2021 йил 29 майда маъқулланган эди.
Конвенция қуйидаги баёнот ва қўшимча шарт билан ратификация килинди:
«Ўзбекистон Республикаси ногиронлиги бўлган шахслар ўз ҳаётининг барча соҳаларида бошқалар билан тенг равишда ҳуқуқ лаёқатига эга эканлигини тан олади.
Ўзбекистон Республикаси Конвенция тегишли ҳолатларда ва қонунга мувофиқ ногиронлиги бўлган шахсларнинг қўллаб-қувватлашдан фойдаланишини ҳамда қарорлар қабул қилиш механизмларини алмаштиришни таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўришга, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларнинг муомала лаёқатини чеклашга йўл қўяди деб тушунганлигини маълум қилади.
Конвенциянинг 12-моддаси ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан қарорлар қабул қилишнинг ўрнини босувчи механизмларнинг бекор қилинишини талаб этадиган модда сифатида талқин этилиши мумкин бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси тегишли шароитларда ҳамда лозим даражадаги ва самарали кафолатларга риоя этиш шарти билан ушбу механизмлардан фойдаланишни давом эттириш ҳукуқини ўзида қолдиради".
Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқов 12-модда бўйича банд ментал ногиронлар ҳуқуқларини амалга ошириш ҳақидалиги маълум қилди. «Давлат ушбу моддани амалга оширишдан бош тортмайди, у мазкур моддани амалга ошириш учун тайм-аут, маълум бир вақт олмоқда. Давлат уларга ҳуқуқ лаёқати, масалан, мустақил равишда судга ариза топшириш ҳуқуқини беришга ҳозирча тайёр эмас», — дея аниқлик киритди Ойбек Исоқов.
Ўзбекистон Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни 2009 йилнинг 27 февралида имзолаган, бироқ ҳалигача уни ратификация қилмаган эди. Ногиронларнинг нодавлат ташкилотлари вакиллари узоқ вақт давомида бир неча марта ушбу ҳужжатни ратификация қилишнинг зарурлиги тўғрисида эслатишди.
2017 йил охирида президент Шавкат Мирзиёев ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватланиши тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжатда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилишга тайёргарлик кўриш бўйича амалий чораларни кўриш топширилди.