Бугун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон социал туризм ассоциацияси ҳамкорлигида пойтахтимиздаги “Наврўз” истироҳат боғида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Сумалак сайли бўлиб ўтди.
Унда хорижий ва маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, давлат идоралари ва вазирлик ходимлари иштирок этишди.
Қайд этилдики, бугунги кунда мамлакатимизда 9 мингга яқин нодавлат нотижорат ташклотлари мавжуд бўлиб, уларни қўллаб-қувватлаш, эмин-эркин фаолият юритишлари учун давлат томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, биргина ўтган 2022 йилида ННТларни қўллаб-қувватлаш учун давлат томонидан 97.7 млрд. сўм ажритилган бўлса, жорий йил учун эса 220 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратилди.
Қолаверса, мамлакатимизнинг Бош қомуси - янгиланаётган Конституциямиз лойиҳасида “Фуқаролик жамияти институтлари” номли янги бобнинг киритилиш ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқлари янада аниқ қилиб кўрсатилганлиги инсон, жамият ва давлат тамойилининг амалда ўз ифодасини топишини, энг муҳими, фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий ҳимояси янада мустаҳкамланаётганлигини билдиради.
Тадбирда сўз олган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари Конституцияга киритилаётган янги нормаларни қабул қилинишида ва ҳаётда тўлиқ амал қилишида ҳар бир фуқаро, давлат ва нодавлат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари масъул эканлигини, Конституция фақат давлат ёки унинг органлари ёҳуд давлат хизматчилари учунгина эмас, балки ҳар бир шахс ва унинг келажагига дахлдор Олий ҳужжат эканлигини алоҳида қайд этишди. Шу билан бирга, жойлардаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган янги ижтимоий лойиҳалар билан, янги ташаббуслар билан иш ташкил этиш борасида ҳам бир қатор таклиф ва тавсияларини билдиришди.
Байрам тадбирида баҳорнинг шаҳ таоми бўлмиш дошқозонларда сумалаклар тайёрланди. Яхши ниятлар ва байрамона кайфият билан тадбир иштирокчиларига сумалаклар улашилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 30 апрел санасида бўлиб ўтадиган референдумда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқароларни фаол иштирок этишга чорловчи буклетлар тарқатилди.