Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти: ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда

Жорий йилнинг 7 сентябрь куни Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (ЎзННТМА) ҳамда Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти билан учрашув бўлиб ўтди.

Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори С.А.Ходжаева ҳамда Ассоциация Кенгаши раиси К.Н.Ишанходжаев, Ассоциация Кенгаши раиси биринчи ўринбосари Б.Р.Машарипов, “Ҳудудий бўлинмалар ва аъзолар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими” бош мутахассиси С.Маманов ва “ННТлар ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга кўмаклашиш бўлими” бош мутахассиси З.Абдуллаевалар иштирок этишди.

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад – ЎзННТМА ва Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти ўртасида ўзаро самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, Ассоциация фаолияти билан боғлиқ ислоҳотларни ҳисобга олган ҳолда келгусида икки ташкилот ўртасида меморандум имзолаш ҳамда ишлаб чиқилган дастурлар бўйича турли йўналишларда тадбирлар, “давра суҳбатлари” ва ўқув-семинарларни ташкил этиш.

Учрашув давомида ЎзННТМА ва Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти вакиллари ўз ташкилотларлар фаолияти бўйича қисқача маълумот беришди. Жумладан, Ассоциация Кенгаши раиси К.Ишанходжаев Ассоциациянинг қайта ташкил этилганидан кейинги фаолияти билан Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директорини таништириб, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бандларидан келиб чиққан ҳолда, ҳамкорликни кучайтириш ва келгусида биргаликда қилинадиган ишлар бўйича таклифлар берди.

Шунинг билан бир қаторда, ўзаро тажриба алмашиниш, ННТлар ривожланиши учун грант маблағларини қўлга киритишдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ННТ ходимларининг, авваламбор, ҳуқуқий, касбий билим ва кўникмаларини ҳамкорликдаги семинар-тренинг, ўқув курслари орқали ошириш масалалари муҳокама этилди. Ўз ўрнида, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институтининг директори С.Ходжаева Институтнинг бугунги кунда турли йўналишларда фаолият олиб бориб, тегишли Дастур орқали Ўзбекистонда қонун устуворлигини таъминлаш ва ривожлантириш, ҳуқуқий таълим ва фуқаролик жамияти фаолияти учун қулай муҳит яратиш йўналишларига алоҳида аҳамият берилаётганини таъкидлади.

Учрашув сўнгида, Ассоциация Кенгаши раиси К.Ишанходжаев томонидан икки ташкилот орасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун келгусида ЎзННТМАга аъзолик ва икки томонлама меморандум имзоланиши кераклиги таъкидланди.

 

ЎзННТМА бош мутахассиси С. Маманов