Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий Ассоциацияси УСТАВИ

 
 
 
 
 
 
 
 
 
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари 
Миллий Ассоциацияси
УСТАВИ
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
Тошкент – 2011
1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1.1. Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий Ассоциацияси, кейинги ўринларда «Ассоциация» деб аталади, демократик тамойилларни ҳаётга тадбиқ этилишини рағбатлантириш, Республика нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ифода этиш, уларни ҳимоя қилиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, демократик тамойилларни бирлаштириш мақсадида, ихтиёрий, эркин ва тенглик асосида тузилган Ассоциациядир.
1.2. Ассоциация фаолияти фикрларни эркин билдириш, ихтиёрий
аъзо бўлиш ва аъзоликдан тўсиқсиз чиқиш, аъзоларнинг тенглиги, ошкоралик,
очиқлик, кўпфикрлилик, ўзини-ўзи бошқариш ва қонунийлик  принципларига асосланади. асосида амалга оширишга 
Ассоциация ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида ва чекланмаган муддат давомида амалга оширади.
1.3. Ассоциация Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси "Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида"ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғисида”ги қонунлар, мазкур Устав ҳамда бошқа ҳуқуқий хужжатлар асосида фаолият юритади.
1.4. Ассоциация юридик шахc бўлиб, ўз номидан мулкчилик ва номулкчилик ҳуқуқларига эгалик қилиш, судда даъвогар ва жавобгар бўлиш ҳуқуқига эга. Ассоциация мустақил балансига эга бўлади, банк муассасаларида миллий сўмда, хорижий валютада ҳисоб рақамларига, ўз номи кўрсатилган думалоқ муҳр, штамп ва бланкага эга бўлади.
1.5. Ассоциация белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган байроқ, вимпел, эмблема ва бошқа рамзларга эга бўлиши мумкин.
1.6. Ассоциациянинг давлат тилидаги тўлиқ номи:  
«O'ZBEKISTON NODAVLAT NOTIJORAT TASHKILOTLARI MILLIY ASSOTSIATSIYASI»;
давлат тилидаги қисқартирилган номи: "O’zNNTMA";
рус тилидаги номи: "НАЦИОНАЛЬНАЯ АССОЦИАЦИЯ
НЕГОСУДАРСТВЕННЫХ НЕКОММЕРЧЕСКИХ      ОРГАНИЗАЦИЙ
УЗБЕКИСТАНА";
рус тилидаги қисқартирилган номи: "НАННОУз";
инглиз тилидаги номи: "NATIONAL ASSOCIATION OF NON-GOVERNMENTAL NON-PROFIT ORGANIZATIONS OF UZBEKISTAN";
инглиз тилидаги қисқартирилган номи: «NANGNPOUz".
1.7. Ассоциациянинг манзили: 700005, Ўзбекистан Республикаси, Тошкент шаҳри, Амир Темур  хиёбони, 14.
 
П. АССОЦИАЦИЯНИНГ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ
 
2.1. Қуйидагилар Ассоциациянинг асосий мақсад ва вазифалари ҳисобланади:
- эркин ва очиқ, кучли фуқаролик жамиятини қуриш, жамият ҳаётини янада эркинлаштириш ва демократлаштириш, модернизация ва ислоҳ қилиш,  демократик кадриятларни фуқаролар онгида мустаҳкамлаш ва уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялашда нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокини кенгайтириш, уларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий-маданий ҳаётдаги фаоллигини ошириш, ўз аъзоларига Уставда кўрсатилган мақсадларини бажаришларида ёрдам бериш, шу орқали давлат ва жамият ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотлари мавқеини янада ошириш; 
- ижтимоий фикр ва онгни шакллантириш ва ифода этиш, жамият ва давлат қурилишида фуқаролар манфаатларининг воситачиси ҳисобланган нодавлат нотижорат ташкилотларнинг фукаролик жамиятининг барқарор институти сифатида ривожланишини қўллаб-қувватлаш, жамият ва давлат қурилиши жараёнида аҳоли манфаатларининг воситачиси бўлиш.    
- нодавлат нотижорат ташкилотлари кучларини бирлаштириш ва улар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, уларнинг ишончли ва хаққоний ахборотга бўлган эхтиёжларини таъминлашда қатнашиш;
- нодавлат нотижорат ташкилотларининг интеллектуал, моддий-техникавий ва бошқа ресурсларини энг зарур ва аҳамиятли дастур ва лойиҳаларни бажаришга сафарбар этиш;
- давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан тенг ҳуқуқли икки томонлама ва ўзаро  манфаатли мулоқот орқали нодавлат нотижорат ташкилотларнинг жамиятнинг турли ижтимоий қатламлари манфаатларини ифода этишдаги иштирокини таъминлаш;
- давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолияти устидан жамоат назоратини таъминлаш;
- нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан ўзаро муносабатлар ўрнатишнинг самарали тизимларини ишлаб чиқиш, уларни ҳокимият ва бошқарувга алоқадор бўлган турли ахборот ва маълумотлар, илмий-методик қўлланмалар билан таъминлаш;
- мамлакат аҳолисини, шунингдек, чет эл жамоатчилигини, республикадаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий-маданий ҳаётида содир бўлаётган ўзгаришлар тўғрисида хабардор қилишда нодавлат нотижорат ташкилотлар иштирок этишини рағбатлантириб туриш, ўзаро тушуниш ва бағрикенгликни қўллаб-қувватлаш;
- бошқа ташкилотларнинг дастурлари ва иш фаолиятида фуқароларни миллий-маънавий ва тарихий меросимизга ҳурмат руҳида, айниқса ёшларда миллийликни англаш ва уни ривожлантириш, Ватанга муҳаббат ва садокатни шакллантиришда устувор йуналишларни белгилашда кўмаклашиш;
- Ассоциацияга аъзо бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлар моддий-техника базасини мустаҳкамлашга ёрдамлашиш, улар бошқарувида замонавий ва янги технологияларни жорий этиш, уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;
- нодавлат нотижорат ташкилотларида меҳнат қилаётган ходимлар малакасини ошириш, уларни замонавий фикрлайдиган кадрлар билан таъминлашга кўмаклашиш, ходимларни ҳар томонлама ижтимоий муҳофаза қилишда фаол иштирок этиш;
- демократик ва инсонпарварлик тамойилларига асосланган халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатиш, устувор йуналишларда биргаликдаги дастурларда қатнашиш, инсон ҳуқуқларини химоясини ўрганиб бориш;
- давлат органлари ва халқаро ташкилотлар билан биргаликда нодавлат нотижорат ташкилотларини ташкилий, техник, моддий, молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида жамғармалар тузиш, моддий бойлик ва маблағларни бирлаштириш,  давлат ижтимоий буюртмаси  орқали энг муҳим
ижтимоий   масалаларни   ҳал   этишда  устувор   лойиҳаларни   амалга  ошириш, молиявий кўмакнинг бошқа самарали тизимларини яратиш; 
- нодавлат нотижорат ташкилотларини ҳуқуқий база билан  таъминлашнинг самарасини ошириш ва ривожини кучайтириш, нодавлат нотижорат ташкилотларини ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, нодавлат нотижорат ташкилотларини тузиш ва рўйхатга олишни амалиётини соддалаштириш юзасидан ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш; 
- инсон эркинлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини кучайтиришни қўллаб-қувватлаш, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг фаолиятига тўсиқ бўлувчи муаммоларни юзага чиққан ҳолда, фуқаролик жамияти институтларининг ривожи ва ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг қонунчилик асосларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;        
- ўз аъзоларини зарурий ахборот билан таъминлаш мақсадида ахборот ресурс базасини яратиш;
- ўз аъзоларининг манфаатларини ифода этиш, уларни ҳимоя қилиш;
- ҳайрия ёрдамини кўрсатиш;
2.2. Лицензия талаб этиладиган фаолиятлар лицензия олингандан сўнг амалга оширилади.
 
III. АССОЦИАЦИЯНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
 
3.1. Ассоциация ўз фаолиятини амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- ўз аъзоларининг ҳуқуқлари, эркинлиги ва қонуний манфаатларини ифода этиш ва ҳимоялаш;  
- ижтимоий ҳаётнинг турли хил масалалари бўйича ташаббус билан чиқиш;  
- қонунчиликда кўрсатилган тартибда давлат ҳокимияти органлари ва бошқарувига таклифлар киритиш, нодавлат нотижорат ташкилотлар асосларини мукаммаллаштириш масалалари соҳасида бошқарув ва давлат органлари қарорини ишлаб чиқишда иштирок этиш; 
- ўз фаолияти тўғрисида ахборот тарқатиш;  
- давлат органлари, жамоат ташкилотлари, мансабдор шахслар, фуқаролардан белгиланган тартибда ахборот ва маълумотлар олиш;
- Ассоциация ва унинг аъзоларида меҳнат қилаётган ходимлар ўз хизмат вазифаларини амалга оширишларида давлат ва жамоат ташкилотларидан ёрдам олиш;
- аъзоларининг моддий-техник базасини яратиш ва яхшилаш ҳақида давлат органларига таклифлар билан чиқиш;
- Нодавлат нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш Жамоат Фондини ташкил этиш ҳамда унинг Таъсисчилар Кенгашини шакллантириш;    
- фойдали дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишда маҳаллий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш; 
- ўз фаолиятига доир шартнома, битимлар тузиш;
- республика иштирок этаётган халқаро шартномадан келиб чикадиган мажбуриятларни бажаришда қатнашиш;
- ижодий, илмий, тадқиқот марказлари очиш, кўрик танловлар ташкил этиш;
- жойларда Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ ўз бўлимлари, филиаллари, ваколатхоналари ва марказларини очиш;
- чет эл инвестициялари, грантларидан фойдаланиш, биргаликдаги лойиҳаларда қатнашиш;
- ноширлик фаолияти билан шуғулланиш ва оммавий ахборот воситалари таъсис этиш;
- маданий-маънавий йўналишлардаги анжуман ва тадбирлар ўтказиш;
- нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимларини давлат ва халқаро мукофотларга тавсия этиш ҳамда ўз мукофотларини таъсис этиш;
- судда, ҳакамлик судида даъвогар ва жавобгар бўлиш.
3.2. Ассоциация   ўз   зиммасига   юкланган   вазифаларни   бажаришда
қонунчилик асосида жамоат бирлашмалари учун берилган бошқа ҳуқуқлардан
ҳам фойдаланади.
3.3. Ассоциация қуйидагиларга мажбур:
- Ўзбекистан Республикасинг Конституцияси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этиш;
- аъзоларининг талабига кўра, ўз фаолияти ҳақида уларга ҳисобот, ахборот ва маълумотлар бериш;
- ўтказаётган анжуман ва тадбирлари ҳакида аъзоларини хабардор килиш, уларнинг тадбирларда иштирок этиши учун шароит яратиш; 
- ўз фаолияти хақида назорат қилувчи ва ахборот олувчи органларга тегишли ҳисобот ва ахборот бериш;
Ассоциация Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
 
IV. АССОЦИАЦИЯНИНГ ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ
 
 
4.1. Қуйидагилар Ассоциациянинг органлари ҳисобланади:
Таъсисчиларнинг умумий йиғилиши;
Конференция;
Кенгаш;
Тафтиш комиссияси;
Раис.
 
V. АССОЦИАЦИЯ ОРГАНЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ ВА ВАКОЛАТЛАРИ, УЛАРНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ МУДДАТИ
 
5.1. Таъсисчиларнинг умумий йиғилиши Ассоциациянинг олий бошқарув органи ҳисобланиб, 1 йилда камида бир марта чақирилади.
Таъсисчиларнинг умумий йиғилиши ишчи функциясини Ассоциация Кенгаши раиси бажаради. 
Мунозарали масалалар келиб чиққан ҳолатларда Таъсисчиларнинг умумий йиғилиши Кенгаш аъзолари кўпчилиги, Тафтиш Комиссияси ёки Раис таклифи ҳамда Ассоциация таъсисчилари умумий сонининг кўпчилиги қарори билан Таъсисчиларнинг умумий йиғилиши чақирилиши мумкин.  
Таъсисчиларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш таклифи Раис орқали вақт, жой, кун тартиби ва ўтказиш тартиби таъсисчилар билан келишилади. Қарор Ассоциация таъсисчиларининг умумий сонининг камида 1/3 қисмининг иштирокида қабул қилинади.    
Таъсисчиларнинг навбатдаги ва навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш, унинг вақти, жойи, кун тартиби ва ўтказиш тартиби бўйича қарор Ассоциациянинг барча таъсисчиларига тадбирни ўтказишдан 15 кундан кечиктирмасдан маълум қилинади.  
Таъсисчиларнинг умумий йиғилиши Ассоциация таъсисичилари умумий сонининг 2/3 кисми қатнашгандагина ваколатли ҳисобланади.
Таъсисчиларнинг умумий йиғилиши ваколати доирасига қуйидагилар киради: 
- Ассоциация Уставини тасдиқлаш, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;
- Ассоциация фаолияти устувор йўналишларини тасдиқлаш;
- Ассоциация Кенгаши раисининг ҳисобот давридаги фаолиятига доир ҳисоботини эшитиш ва тасдиқлаш;
- Тафтиш комиссиясининг Ассоциация молиявий-хўжалик фаолиятини тафтиш қилишга доир ҳисоботини эшитиш ва тасдиқлаш;
- Ассоциацияга аъзо бўлиш, ундан чиқиш, кириш ҳамда аъзолик бадаллари миқдори тартибини белгилаш; 
- Ассоциациянинг йиллик бюджети, йиллик баланси ва ижро органларига берилувчи молиявий ҳисоботини тасдиқлаш;  
- Раис таклифига биноан ишчилар штат жадвали тузилмаси, сони ва иш ҳақларини тасдиқлаш; 
- Ассоциациянинг Ахлоқ Кодексини Кенгаш таклифига биноан тасдиқлаш;
- Нодавлат нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш Жамоат Фондининг Таъсисчилар кенгашини шакллантириш; 
-  Ассоциация фаолиятини тугатиш ҳақида қарорни қабул  килиш, тугатиш комиссиясини тузиш, тугатиш балансини тасдиқлаш;                                                      
- Таъсисчиларнинг умумий сонининг 2/3 қисмининг кўпчилик овозига кўра, таъсисчилар таркибига янги аъзоларни қабул қилиш ва таъсисчилар таркибидан чиқариш хақидаги қарорни қабул килиш;
- Ассоциациянинг Устави ва Аҳлоқий Кодексига зид ҳаракатлар туфайли нодавлат нотижорат ташкилот аъзолигидан маҳрум этиш ҳақидаги қарорини қабул қилиш;  
- Устав, Аҳлок Кодекси ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини бузган нодавлат нотижорат ташкилотини Кенгашдан чиқариш ҳақида таклифни  Конференция муҳокамасига киритиш; 
- Республика Конференциясида иштирок этиш учун Ассоциация аъзолари сонидан делегатларни кўрсатиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Конференция тартиби, муддати ва жойини белгилаш ва қарор қабул қилиш;  
- мазкур Уставда кўрсатилган тартибда ҳал этилиши мумкин бўлмаган вазият келиб чиққан ҳолларда, Таъсисчиларнинг умумий йиғилиши вазиятни ижобий ҳал этиш тартиби ва бошқа чора-тадбирларни белгилайди. Масалани ҳал қилиш чора-тадбирлари таъсисчиларнинг умумий сонидан камида 2/3 кисми тасдиқлаганда кучга эгадир; 
- Таъсисчиларнинг умумий кенгаши таъсисчилар умумий сонининг камида 2/3 қисмининг кўпчилик овози билан қуйи органлар қарорини мазкур Устав ва қонунчиликка зид ҳолатларида бекор қилиш ва тўхтатиш ҳуқуқига эга;
- Таъсисчиларнинг умумий кенгаши зарурий ҳолларда алоҳида масалалар бўйича фақат таъсисчилар олдиндан ва тўлиқ хабардор этилганларидан сўнг, сўров ўтказиш орқали қарор қабул қилиш; 
- Таъсисчилар Ассоциация олдида турган мақсад ва вазифаларга эришишда амалий ёрдам кўрсатишлари, республика қонунчилиги, Ассоциация Устави ва Ахлоқий Кодекси кўрсатмаларига амал қилишда намуна бўлишлари лозим.  
5.2. Республика Конференцияси ассоциациянинг бошқарув органи ҳисобланиб, камида 5 йилда бир маротаба чақирилади;
Конференцияни чақириш тўғрисидаги қарор, таъсисчиларнинг умумий йиғилишида қабул қилинади ва унда иштироқ этаётганларнинг яримидан кўпчилигининг овози билан Ассоциация аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ тузилади.   
Республика Конференцияси ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан икки ойдан кечиктирилмай ўтказилади.
Ишчи гуруҳи, имкон даражасида қисқа муддат ичида, вилоятларда, Тошкент шаҳрида ва Қорақалпоғистон Республикасида конференциялар ўтказишни ташкиллаштиради ва мазкур конференцияларда Ассоциация аъзолари таркибидан, ҳар бир вилоятдан, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасидан, Республика Конференцияда иштирок этиш учун делегатлар сайланади.  
Республика Конференцияси делегатлари, таъсисчиларнинг умумий йиғилишида белгиланадиган вакиллик нормаси асосида ҳудудий конференцияларда сайланади. 
Жойларда конференциялар ўтказиб бўлингач, ишчи гуруҳи Ассоциацияни Республика Конференциясини ўтказиш учун ташкилий-тайёргарлик ишларини амалга оширадилар ва мазкур Конференцияда ҳудудлардан сайланган делегатлар билан бир қаторда, Ассоциациянинг таъсисчилари ҳам иштирок қилади. Шу билан бирга, таъсисчиларнинг кўпчилик овози билан, Адлия Вазирлигидан рўйхатдан ўтган ва Республиканинг ҳудудларида бўлинмаларига эга бўлган бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлар қатнашиши мумкин. 
Конференция йиғилиши, қатнашчилар умумий сонининг 3/4 қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади. 
Иштирокчилар етарли миқдорда бўлмаган тақдирда, Конференция йиғилиши бир ойдан кечиктирилмасдан такрорий ўтказилади.  Конференциянинг такрорий ўтказилиш жойи ва санаси, таъсисчиларнинг Умумий йиғилиш қарорига мувофиқ белгиланади. 
Конференция йиғилишида, раёсат, раис, мандат ва ҳисоб комиссиялари уч кишидан иборат таркибда сайланади.   
Раёсат, ишчи гуруҳи томонидан тайёрланган кун тартибини, Конференцияда тасдиқлаш учун эълон қилади.  
Кун тартибига қуйидагилар киритилиши мумкин:
1. Кенгаш раисининг, кенгашнинг ўтган вақт мобайнида амалга оширган ишлар тўғрисдаги ҳисоботини тинглаш ва тасдиқлаш; 
2. Тафтиф комиссиясининг Ассоциация молиявий-хўжалик фаолияти бўйича ўтказилган текширув натижалари ҳақидаги ҳисоботини эшитиш ва тасдиқлаш; 
3. Кенгаш аъзоларини сайлаш;
4. Тафтиш комиссия таркибини сайлаш;
5. Ассоциациянинг пировард йўналишлари фаолиятини тасдиқлаш;
6. Ассоциациянинг Аҳлоқ Кодексини тасдиқлаш.
Шунингдек кун тартибига таъсисчилар умумий йиғилиши ваколатига кирмайдиган бошқа масалаларни ҳам киритилиши мумкин.
Конференция қарори кўпчиликнинг очиқ овоз бериши орқали қабул қилинади.
Конференция иштирокчиларининг овоз беришлари учун (делегатлар ва Ассоциация таъсисчилари) мандат комиссияси томонидан тегишли мандат карточкалари тарқатилади ва иштирок қилаётган делегатлар ва Ассоциация таъсисчилари сонидан келиб чиқиб, Конференцияни ўтказиш учун кворум эълон қилинади. 
Ҳисоб комиссияси, ҳар бир кўрилаётган масала юзасидан берилган овозларини ҳисоблаб боради ва унинг натижасини эълон қилади.
Ҳисоб комиссияси аъзолари овоз бериш ҳуқуқига эга эмаслар.
5.3.  Кенгаш Ассоциациянинг бошқарув органи бўлиб, ҳар 2,5 йилдан кам бўлмаган муддатда бир маротаба чақирилади.
Кенгаш раиси, кенгаш йиғилишларини ўз вақтида ўтказилишини таъминлайди.
Кенгаш таркиби, Конференция йиғилишида унинг аъзолари таркибидан 5 йил муддатга очиқ овоз бериш орқали сайланади. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан делегатлар сайлаш тартиби таъсисчиларнинг Умумий йиғилиши томонидан белгиланади.  
Кенгашнинг биринчи ташкилий йиғилишида Ассоциация Кенгашининг Раиси ва унинг ўринбосарлари сайланади. Раис ва унинг ўринбосарлари, нодавлат нотижорат ташкилотларини вакили сифатида, кенгаш аъзолигига сайланган бўлишлари лозим. 
Кенгаш ваколатига қуйидагилар киради:
- Кенгаш Раиси ва унинг ўринбосарларини сайлаш ва лавозимидан озод этиш;
- Ассоциациянинг ҳаракат Дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
- Ассоциациянинг ҳудудлардаги аъзолари билан ишлашни йўлга қўйиш; 
- Таъсисчиларнинг Умумий йиғилишига Ассоциация Уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар киритиш; 
Кенгаш аъзолари ЎзННТМАнинг Уставда белгиланган вазифаларни  ҳудудларда амалга ошириш мақсадида, унинг аъзолари фаолиятини мувофиқлаштиришни таъминлайди. 
5.4. Кенгаш Раиси ва унинг ўринбосарлари Кенгаш аъзоларининг кўпчилик овози билан 2,5 йил муддатга сайланади.
Раис ва унинг ўринбосарларини муддатидан олдин озод қилиш тўғрисида қарор, Кенгаш аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Ассоциация Устави, Ассоциациянинг Ахлоқ кодекси ва республика қонунчилигини бир неча бор бузган тақдирда, таъсисчилар Умумий йиғилиши томонидан Кенгаш муҳокамасига Раис ва унинг ўринбосарларини муддатидан олдин озод қилиш тўғрисида таклиф киритилиши мумкин.
 Раис ўз фаолиятини доимий асосда олиб боради. Раис билан меҳнат муносабатларини расмийлаштириш ва уни тақдирлаш шакли Ассоциация таъсисчилари томонидан амалга оширилади.  
Кенгаш Раисининг ваколатига қуйидагилар киради:
- Кенгаш йиғилишлари даврида Ассоциация фаолиятини бошқариш;
- Раис ўринбосарларини тасдиқлаш учун Кенгашга уларни номзодларини таклиф этади;
- ўринбосарларнинг мажбуриятларини ва уларнинг Ассоциация бошқарувини амалга оширишда  ўзаро алоқаларини белгилаб беради. 
- Ассоциация Директорини ва тузилма бўлинмаларининг раҳбарларини тайинлаш ҳамда улар ўртасида, олдида турган вазифаларни юқори савияда амалга оширишлари учун вазифаларни тақсимлайди;
- Ассоциацияга Директор таклифига биноан Ассоциация ходимларини ишга олади;
- Ассоциация номидан вакилликни амалга оширади;
- Ассоциациянинг ҳаракат дастури ва сиёсатини амалга оширилишини таъминлайди; 
- Давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, хорижий юридик ва жисмоний шахслар олдида Ассоциация номидан вакилликни амалга оширади. 
Кенгаш раиси ўзига юклатилган мажбуриятларнинг белгиланган тартибда ва сифатли ижро этилиши юзасидан шахсан масъулдир.
5.5. Директор  Ассоциация Кенгаши Раиси билан келишилган ҳолда ижро органи бошқарувини амалга оширади, Раис томонидан лавозимга тайинланади ва ундан озод этилади. Директорни ишга қабул қилиш ўрнатилган тартибда амалга оширилади. 
Директорнинг ваколатлари қуйидагилардан иборат:
- Ижроия  аппаратини шакллантириш ва унга раҳбарлик килиш;
- Кенгаш йиғилишига ташкилий-тайёргалик ишларини амалга ошириш;
- Кенгаш ва Раис қарорларини ўз вақтида ва сифатли ижро этиш;
- ходимларни ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш, уларни рағбатлантириш ва ижтимоий муҳофаза қилиш;
 -Ассоциация номидан барча молиявий ҳужжатларга қўл қўйиш;
- Ассоциация номидан суд органлари ва ҳакамлик судларида даъвогар ва жавобгар бўлиш;
- Ижро органининг йиллик бюджет лойиҳаси, йиллик баланс ва молиявий ҳисоботини ишлаб чиқиш ва ассоциация Кенгаши Раиси билан келишган ҳолда таъсисчиларнинг умумий йиғилиши тасдиғига киритиш;
- Ассоциация аъзолари ҳисобини олиб боришни таъминлаш; 
- Раиснинг тошшириғига биноан давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа юридик ҳамда жисмоний шахслар, хусусан, халқаро ва чет эл ташкилотлари билан ўзаро муносабатларда ассоциациянинг вакили бўлиш;
- Ассоциация раҳбар органлари томонидан белгиланган бошқа ваколатлар.
Директор унга қўйилган мажбуриятларни сифатли ва ўз вақтида амалга оширишда шахсий масъулиятини олади. 
5.6. Тафтиш комиссияси:
Тафтиш комиссияси Конференция томонидан Ассоциация, унинг ижро органлари ва таркибий бўлинмаларининг молиявий-хўжалик ишлари устидан назоратни амалга ошириш учун 5 йил муддатга сайланади. Тафтиш комиссияси таркиби ва аъзолари сони Ассоциация Конференцияси томонидан аниқланади. Ассоциациянинг молиявий-хўжалик ишларини тўлақонли текшириш бир йилдан кам бўлмаган вақтда амалга оширилади. Айрим ҳолларда Тафтиш Комиссияси тафтишни йилда бир мартадан кўпроқ, бироқ 2 мартадан кўп бўлмаган ҳолда таъсисчилар умумий сонининг камида 2/3 қисмининг қарорига биноан амалга ошириши мумкин. 
Тафтиш комиссияси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- Ассоциацияга молиявий-иқтисодий қарорларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишда зарурий кўмак кўрсатиш;
- Ассоциация фаолиятига доир молиявий-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатлар бериш; 
- Ассоциация директори томонидан кўрсатилаган молиявий ҳисобот ва бюджет буйича ўз баҳоси ва таклифларини бериш;
- Ассоциация раҳбар органларидан зарурий бухгалтер, молиявий ва бошқа хужжатлар, хамда ассоциация молиявий ишлари масалалари бўйича шахсий тушунтиришлар талаб этиш;
- Таъсисчиларнинг умумий йиғилишига Ассоциация, унинг ижро органлари ва таркибий тузилмалари молиявий ишлари бўйича материаллар тайёрлаш ва тақдим этиш;
Тафтиш Комиссияси ўз фаолияти натижалари тўғрисида Ассоциация Таъсисчилари умумий йиғилиши ва Конференция олдида ҳисобот беради. 
Кенгаш аъзоси ва Ассоциация ижро органи аъзолари Тафтиш комиссияси аъзоси бўлиши мумкин эмас. 
 
VI. АССОЦИАЦИЯГА АЪЗОЛИК
 
6.1. Адлия идораларидан юридик  шахс сифатида рўйхатдан ўтган, Ассоциациянинг Устав ва Аҳлоқ Кодексини тан олган ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига амал қилувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари Ассоциация аъзоси бўлиши мумкин.  
Республика нодавлат ташкилотларининг ҳудудий бўлинмалари Ассоциация аъзолигига фақат вилоят, Тошкент шаҳар ва Қорақалпоғистон Республикаси бўлинмалари даражасида ташкилотнинг асосий ташкилотнинг бошқарув органи Қарорига кўра қабул қилиниши мумкин.    
6.2. Ассоциацияга аъзо бўлиш ҳоҳишини билдирган нодавлат нотижорат ташкилоти Ассоциация Кенгаши Раиси номига ариза беради ва унга ўзининг охирги йилдаги фаолияти бўйича ҳисоботини тақдим этади. Ассоциация аъзолигига қабул қилиш қарори Раис томонидан амалга оширилади. 
6.3. Ассоциация аъзолиги таркибидан чиқиш Раис томонидан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади: 
- Ассоциация таркибидан ихтиёрий чиқиш ҳақидаги ариза берилган ҳолатда;
- аъзонинг ўз фаолияти давомида Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, Ассоциация Устави ва Аҳлоқ Кодексини бузган ҳолатда; 
- аъзолик бадалларини бир неча марта тўламаган ҳолатларда;
- Ассоциация аъзоси томонидан Ассоциация Бошқарув органлари қарорини бажармаган ҳолатларда.
6.4. Ассоциация аъзолигидан чиқиш тўғрисидаги ариза келиб тушган кундан бошлаб бир ой муддат ичида кўриб чиқилади.
Аъзога аъзоликдан чиқарилганлик тўғрисидаги қарор қабул қилингандан сўнг етти иш кунидан кечиктирмасдан маълум қилинади.
Аъзоликдан чиққан нодавлат нотижорат ташкилотларига аъзо бўлиб кирганлик бадали ва тўланган аъзолик бадаллари, моддий ва молиявий шаклдаги хайрия ва эҳсонлар қайтарилмайди ҳамда Ассоциация томонидан бериладиган моддий ва молиявий ёрдам тўхтатилади.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз ҳуқуқ ва эркинликларига таъсир этадиган  Ассоциация бошқарув органи қарорларидан норози бўлган ҳолатларда Ассоциациянинг юқори органларига мурожаат этишлари мумкин.
Таъсисчилар Умумий йиғилиши қарори эътирозга сабаб бўлмайди.
6.5. Ассоциация аъзолари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- Ассоциацияга эркин кириш ва ундан чиқиш;
- ушбу Уставга биноан, Кенгашдаги ўз вакиллари орқали  Ассоциацияни бошқаришда  қатнашиш;
- Ассоциация раҳбар органлари ва бошқарув органлари таркибига кириш;
- белгиланган тартибда Ассоциация маъмурий-ташкилий, молиявий-хўжалик фаолиятига оид қарорлар қабул қилишда қатнашиш; 
- давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида ўз масалалари кўриб чиқилишида Ассоциациянинг кўмагидан фойдаланиш;
-Асоциация фаолияти ҳақида тегишли ахборот олиш;
-Ассоциациянинг ахборот, моддий-техника базасидан фойдаланиш.
6.6. Ассоциация аъзоларининг мажбуриятлари:
- Ассоциация Устави ва Алокий Кодексига риоя этиш;
- Ассоциация  олий ва бошқарув органларининг қарорларини бажариш;
- кириш бадалларини тўлаш ва йиллик аъзолик бадалларини мунтазам тўлаб бориш;
- Ассоциация олдида турган вазифалар ҳал этилишига ўзининг техникавий, интеллектуал ва молиявий салоҳияти билан фаол кўмаклашиш.
 
VII. АССОЦИАЦИЯНИНГ МАБЛАҒИ, МОЛ-МУЛКИ ВА
ЖАМҒАРМАЛАРИ
 
7.1. Ассоциация мулки куйидагилар:
- аъзоликка кириш бадаллари;
- йиллик аъзолик тўлов бадаллари;
- аъзолар томонидан ажратиладиган ажратмалар;
- юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, хорижий шахсларнинг маблағлари ва кредитлари;
- маҳаллий ва хорижий инвестициялар, грантлар, донорлик ажратмалари, ҳайрия, эҳсон ва ҳомийлик маблағлари;
- давлат томонидан ва ўзи муассислик қилган ташкилотлар томонидан уни қўллаб-қувватлаш учун ажратиладиган маблағлар ва қонунчилик билан ман этилмаган бошқа маблағлардан ташкил топади.
7.2. Ассоциация ўзини ривожлантириш фондини, меҳнатга ҳақ тўлаш ва ижтимоий ҳимоя, ижодий ишлаб чиқариш, ижтимоий ривожлантириш
фондларини, шунингдек, зарур бўлганда валюта ҳамда бошқа фондларни ташкил этади.
7.3. Ассоциация ўз мажбуриятлари буйича фақат ўзига тегишли бўлган мол-мулк билангина жавобгар бўлади. У аъзоларининг мажбуриятлари учун ва аъзолари унинг мажбуриятлари учун жавобгар бўлмайди.
 
VIII. АССОЦИАЦИЯНИНГ ТУГАТИЛИШИ ВА КАЙТА ТАШКИЛ ЭТИЛИШИ
 
8.1. Ассоциацияни тугатиш ёки қайта ташкил этиш Таъсисчиларнинг умумий йиғилиши қарори ёки   суд   қарори   билан   ҳамда   Ўзбекистон   Республикаси   қонунчилигида белгиланган бошқа тартибда амалга оширилади.
8.2. Ассоциацияни тугатиш унинг фаолиятини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсларга ҳуқуқий ворис сифатида бермасдан тўхтатишга олиб келади. Ассоциацияни тугатиш Таъсисчилар умумий йиғилиши тайинлайдиган Тугатиш комиссияси томонидан амалга оширилади. Ассоциацияни суд қарори буйича тугатишда Тугатиш комиссиясини тайинлаш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда амалга оширилади.
8.3. Ассоциация тугатилганда  унинг   мол-мулки   Устав мақсадлари йулида сарфланади.
 
IX. АССОЦИАЦИЯ УСТАВИГА ЎЗГАРТИРИШ ВА КЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТАРТИБИ
 
9.1. Ассоциация Уставига ўзгартириш ва кўшимчалар унинг олий органи – Таъсисчилар умумий йиғилиши томонидан киритилади ва қонуний тартибда рўйхатга олинади.