Бугун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ташкил топганлигининг 18 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда Нодавлат нотижорат ташкилотларининг инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришдаги роли” мавзуида тадбир ташкил этилди.
Унда ЎзННТМАнинг ташкил этилишида иштирок этган ташаббускор гуруҳ вакиллари, узоқ йиллар фуқаролик жамиятини ривожлантиришда ҳисса қўшиб келаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда ҳамкор ташкилот ходимлари иштирок этди.
Таъкидландики, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси мамлакатимиздаги йирик жамоат ташкилотлардан бири бўлиб, у 2005 йилда 150 та етакчи нодавлат нотижорат ташкилотлари ташаббуси билан ташкил топган.
Ассоциация юртимиздаги нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат ва жамият қурилишнинг устивор масалаларини амалга ошириш, эркин ва очиқ, кучли фуқаролик жамиятини қуриш, жамият ҳаётини янада эркинлаштириш ва демократлаштириш мақсадида бирлаштириб келмоқда.
Қайд этилдики, ўтган йиллар давомида соҳанинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлашга жуда катта эътибор қаратилди. Соҳага оид бир қатор Президент қарор ва фармонлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди.
Хусусан, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлатимиз раҳбарининг “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатларнинг қабул қилиниши, нодавлат нотижорат ташкилотлари, қолаверса Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси фаолиятида янги саҳифа очди. Хусусан:
– фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг молиявий манбалари диверсификация қилинди, 2022 йилда давлат томонидан ННТларга 112.7 млрд сўм маблағ ажратилган бўлса, 2023 йилда 220 млрд. йўналтирилди. Молиявий барқарорликка эришиш натижасида нодавлат нотижорат ташкилотлар секторида 38,8 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди;
- ЎзННТМА қошида ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан фуқаролик жамияти институтлари томонидан илгари сурилган 120 та ижтимоий лойиҳалар учун 8.5 млрд. сўм маблағ йўналтирилди.
- ННТларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби соддалаштирилди. Натижада, бугунги кунда Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган ННТлар сони 9 мингдан ортди.
- 2021 йилда ЎзННТМАга 500 дан ортиқ ННТлар аъзо бўлган бўлса, яратилган шароитлар натижасида бугунги кунда ЎзННТМА 1 минг 600 дан ортиқ ННТларни ўз атрофида бирлаштирди;
- илк бор “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони таъсис этилди ва 126 нафар фуқаролик жамияти институтлари фаоллари ушбу кўкрак нишон билан тақдирланди;
- ЎзННТМА ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг моддий техник базаси мустаҳкамланди;
- Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда “ННТлар уйлари” ташкил этилиб, ҳудудлардаги фаол ННТларнинг жой билан боғлиқ муаммолари ҳал этилди.
Шу билан бирга, мамлакатда кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида “учинчи сектор” учун кадрлар тайёрлаш ва уларни малакасини ошириш мақсадида, шу кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академиясида 250 нафар ННТлар раҳбарларининг малакаси оширилди. Бу кўрсатгич 2025 йилга бориб 750 нафарга етказилади.
—Энг қувонарлиси, ННТлар вакилларининг давлат дастурларини қабул қилишда, соҳага оид қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишдаги иштироки тобора ортиб бормоқда, - дейди ЎзННТМА раиси Камолиддин Ишанходжаев. —Хусусан, Тараққиёт стратегияси, Давлат дастурлари ҳамда Янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конститциясига ННТлар томонидан киритилган таклиф ва тавсиялар мисолида кўриш мумкин. Шунингдек, ННТлар томонидан амалга оширилган ишлар, ижтимоий шериклик даражаси, ажратилган субсидия, грант ва ижтимоий буюртмалар натижадорлиги ва бошқа муҳим фаолият кўрсаткичларига асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг шаффофлик стандарти тасдиқланди. Унга мувофиқ ҳар йили “Энг шаффоф нодавлат нотижорат ташкилотлари” рўйхатлари эълон қилиб борилмоқда.
Тадбирда сўз олганлар албатта бу жараёнларда ЎЗННТМА ва унга ҳамкор ташкилотларнинг муносиб ҳиссаси ва ўрни борлигини алоҳида эътироф этишди.
Шунингдек, тадбирда ННТларни замонавий фикрлайдиган кадрлар билан таъминлашга кўмаклашиш мақсадида “ННТга ишга марҳамат” номли лойиҳа тақдимоти ўтказилди.
Тадбир якунида ЎзННТМА фаолиятини ривожлантиришда ўз ҳиссасини қўшган фаолларга ташкилотнинг ташккурнома ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
ЎзННТМА Ахборот хизмати.