Ўзбекистон илк бор Жаҳон Банкининг инсон капитали индекси рейтингида иштирок этди

Жаҳон Банки томонидан дунё давлатларининг 2020 йил учун инсон капитали индекси эълон қилинди. Дунё аҳолисининг 98 фоизи истиқомат қилувчи 174 та мамлакат иштирок этган мазкур рейтингга илк маротаба Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасига оид маълумотлар ҳам киритилган.

Ушбу маълумотлар 2020 йил март ойигача бўлган даврни қамраб олади ва пандемиягача болалар саломатлиги ва таълимининг асосий кўрсаткичи бўлиб хизмат қилади.

Инсон капиталига инвестиция (инсон ҳаёти давомида тўпланган билим, кўникма ва саломатлик) боланинг салоҳиятини намоён этиш ва ҳар бир мамлакатда иқтисодий ўсишни жадаллаштиришда асосий рол ўйнайди.

Қайд этиш лозим, инсон капитали индекси боланинг келажакда қай даражада самарали кадр бўлиб шаклланишини ўлчайди. Индекс қиймати 0 дан 1 гача интервалда бўлиб, қиймат 1 га яқинлашиши бугунги болаларнинг келажакда қай даражада етук инсон бўлиб шаклланишини кўрсатади.

Жаҳон банки гуруҳи томонидан ўтказилган янги таҳлилга кўра, COVID-19 пандемияси сўнгги ўн йилликда соғлиқни сақлаш ва таълим соҳалари эришилган ютуқларга таҳдид солмоқда, бу айниқса энг камбағал мамлакатларга кучли таъсир кўрсатиши мумкин. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, пандемия бошлангунга қадар аксарият давлатлар болаларда инсон капиталини шакллантириш бўйича барқарор ўсишга эришган. Кам даромадли мамлакатларда эса бу кўрсаткич энг юқори натижага эга бўлган.

Шу билан бирга, ушбу тараққиётга қарамай ва пандемия таъсири сезила бошлангунга қадар, оддий давлатда туғилган бола тўлиқ таълим ва соғлиқни сақлаш шарти билан инсон капиталининг потенциал даражасининг атиги 56 фоизига эришишга умид қилиши мумкин эди.

Пандемия туфайли болаларнинг аксарияти (1 миллиарддан ортиқ) мактабга бормади ва таълим олиш учун белгиланган ўртача олти ойлик билимларни йўқотилиши иқтисодий жиҳатидан сезиларли йўқотишларга олиб келади.

Ушбу тадқиқотларда илк маротаба иштирок этган Ўзбекистон 62 фоиз натижа кўрсатган. Яъни Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари ичида Беларус Республикаси, Россия ва Қозоғистондан кейинги ўринга жойлашган.

b1272971-73f8-423b-a8b7-958a7dc3ef9f.jpg
cf140129-92e3-48dc-b705-9354d01f7fb6.jpg

Марказий Осиё мамлакатлари миқёсида эса Қозоғистон ва Ўзбекистондан ташқари, Қирғизистон 60 фоиз, Тожикистон 50 фоиз натижа кўрсатган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, 2020 йилга қадар Ўзбекистон Республикасининг маълумотлари “Инсон капитали индекси” рейтингида эълон қилинмаган. Яъни Ўзбекистон томонидан фақат соғлиқни сақлаш ва иқтисодий кўрсатгичлар тақдим этилган ва бу Жаҳон банки томонидан қабул қилинган. Бироқ 2017 йилга қадар мамлакатимиз мактаб ўқувчиларини билимини аниқлаш учун ўтказилган мониторинг ишлари халқаро стандартларга мос равишда эмаслиги сабабли таълим сифати (ўқувчиларнинг билимини баҳолаш) бўйича тақдим этилган маълумотлар қабул қилинмаган. Юртимизда мавжуд таълим сифати бўйича ишончли маълумот тақдим этиш учун 2019 йилнинг ноябрь ойида Таълим инспекцияси Жаҳон банки билан ҳамкорликда TIMSS халқаро тадқиқотлари саволлари асосида математика бўйича мактаб ўқувчиларининг билими ўрганилган эди. Мазкур синовларда мактаб ўқувчилари қайд этган натижалар ҳам юртимизда инсон капиталини аниқлашда муҳим маълумот бўлиб хизмат қилган.

Жаҳон Банкининг ҳисоботида Европа ва Марказий Осиё давлатларининг таълим сифати бўйича натижалари ҳақида шундай дейилади:

“Таянч таълим соҳасидаги минтақа натижалари ҳар хил бўлсада, умуман олганда минтақанинг дунё стандартлари бўйича кўрсаткичлари ёмон эмас. Охирги 10 йиллик ичида мактабда ўқиш давомийлиги узайди. Аҳамиятлиси, кўрсаткичнинг энг сезиларли ошиши Озарбайжон, Албания, Черногория, Польша ва Россияда кузатилди – бу эса асосан ўрта мактабга ва мактабгача таълим муассасаларига қабул қилинаётган болалар сони ошиши ҳисобига содир бўлди. Шу билан бирга, қатор мамлакатларда (Болгария, Молдова, Руминия, Украина) мактабда кутилаётган ўқиш давомийлиги қисқарди.
Мамлакатларда таълим сифати охирги ўн йилликда ўрта ҳисобда яхшиланмади. Таълим сифати ёмонлашгани кузатилган давлатлар қаторида Болгария ва Украина бор. Таълим сифатини оширишга эришган давлатлар сирасига Албания, Молдова ва Черногория кирди.

Инсон капитали индекси бўйича ҳисоботда дунёнинг барча мамлакатлари маълумотлар ўлчовларини такомиллаштиришга даъват этилади. Бу эса сиёсатни белгилаб беришга масъул бўлган шахсларга ёрдамни унга энг кўп муҳтож бўлганларга беришга замин яратади.

Жаҳон банки Инсон капитали индекси доирасида боланинг ривожланиш траекторияси (туғилганидан вояга етгунича) қатор муҳим кўрсаткичлар бўйича баҳоланади:

тирик қолиш эҳтимоли (туғилганидан 5 ёшгача);
бошланғич ва ўрта мактабда кутилаётган таълим сифатига қаратилган ўқиш давомийлиги;
ривожланиши орқада қолаётган болалар фоизи;
катта ёшдаги авлоднинг яшовчанлиги.


ИКИ-2020 баҳолаш мезонлари жорий йилнинг март ойигача, пандемиягача қайд этилган муҳим принципиал кўрсаткичларни тақдим қилади.

Олинган натижалар эса пандемиядан сўнг тикланиш даврида соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида сиёсат ва инвестиция масалалари бўйича қарорларни қабул қилишда ахборот манбайи бўлиб хизмат қилади”.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон илк маротаба инсон капиталини баҳолашга қаратилган PISA ва PIRLS халқаро тадқиқотларида ҳам иштирок этмоқда. Бугунги кунда Таълим инспекцияси томонидан тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда ўқитувчиларга методик ёрдам кўрсатиш бўйича ўқув қўлланмалар тарқатилмоқда. Уларнинг малакасини ошириш учун халқаро экспертлар иштирокида семинарлар ўтказилмоқда. Шунингдек, мактаб ўқувчилари учун халқаро тадқиқотларда фойдаланиладиган наъмунавий саволлар асосида онлайн-тренажёрлар ташкил этилди. Республика бўйича 348 та таянч мактаблар белгиланиб, қолган мактабларни уларга бириктирган ҳолда педагогларнинг малакаси оширилмоқда.