Ўзбекистон делегацияси Лондон шаҳрида ЕТТБ билан ҳамкорликда ташкил этилган форумда иштирок этди

Жорий йилнинг 25 январь куни Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) Лондондаги бош қароргоҳида «Янги Ўзбекистон: тараққиёт учун янги имкониятлар ва ижтимоий шериклик» мавзусида халқаро форум ўтказилди.

Тадбирда 100 дан ортиқ юқори даражадаги иштирокчилар, жумладан, ЕТТБ вакиллари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, вазирликлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бизнес ҳамжамиятлари вакиллари иштирок этди.

Халқаро форумда Ўзбекистоннинг давлат органлари, бизнес тузилмалари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида муваффақиятли ҳамкорлик йўлга қўйилгани, аёллар тадбиркорлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришда кўмак берилаётгани таъкидланди.

Форумнинг очилиш маросимида Олий Мажлис Сенати Раиси, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси Танзила Нарбаева кейинги 7 йилда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, иқтисодиётни либераллаштириш борасида туб ўзгаришлар амалга оширилганини алоҳида таъкидлади.

– Бугун ўзбекистонлик тадбиркорлар жаҳон бозорларига ишонч билан қадам қўймоқда. Бюрократик тўсиқлар бартараф этилди, мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди, гендер тенгликни таъминлашда амалий натижаларга эришилди. Буларнинг барчаси жаҳон ҳамжамиятининг муносиб эътирофига сазовор бўлмоқда. Бундай натижаларга эришишда фуқаролик бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади, – деб таъкидлади Т.Нарбаева.

Қўйилаётган юксак мақсадларга эришишда халқаро ҳамкорларнинг қўллаб-қувватлаши муҳим аҳамият касб этишига тўхталар экан, Сенат Раиси Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш йўлидаги стратегик ҳамкорига айланганини эътироф этди.

Таъкидлаш жоиз, Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистон ЕТТБ томонидан молиялаштирилаётган лойиҳалар бўйича етакчилик қилмоқда ва мазкур инвестициялар қайта тикланадиган энергетикадан тортиб, банк ишигача бўлган соҳаларга киритилмоқда. Банкнинг мамлакатдаги лойиҳалар портфели 4 млрд евродан ошади ҳамда сўнгги тўрт йилда 3,3 млрд евролик лойиҳалар ўз ишини бошлаган.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Рено-Бассо Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасида мустаҳкам шериклик ва ҳамкорлик йўлга қўйилгани ҳамда гендер тенгликни рағбатлантириш ва аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш умумий стратегик устувор вазифалардан бири эканига алоҳида урғу берди. Мазкур йўналиш куни кеча ушбу молиявий тузилманинг Директорлари кенгаши томонидан маъқулланган Ўзбекистонга оид 2024-2029 йилларга мўлжалланган янги стратегияда ҳам ўз аксини топганини айтиб ўтди. 

– Дарҳақиқат, бугунги кунда Ўзбекистон бутун Марказий Осиё минтақасида етакчи ислоҳотчи сифатида тан олинган. Биз бу борада Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашда давом этамиз ва мен 2024 йилда ва ундан кейинги йилларда ҳам кучли ҳамкорлигимиздан умидворман, – деб таъкидлади ЕТТБ президенти.

Форумда 2016 йилдан буён Ўзбекистонда нафақат давлат бошқаруви, балки барча жабҳаларда, жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотларини, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, молиявий ва номолиявий ресурслардан фойдаланиш борасида амалга оширилаётган инновацион ўзгаришлар тақдим этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ЕТТБ Бошқарувчилар кенгашининг 32 йиллик йиғилиши ва бизнес форумида Европа тикланиш ва тараққиёт банки каби халқаро молия институтлари билан ҳамкорликнинг асосий йўналишлари, жумладан, тадбиркор аёлларни янада қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратган эди.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда Ўзбекистонда давлат бошқаруви, иқтисодиёт ва тадбиркорлик тузилмасида туб ўзгаришлар рўй берди, қатор ташаббуслар амалга оширилиб, хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини юксалтириш борасида ижобий қадамлар қўйилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон ижобий тажрибаларни ўрганиш ва келажакда бажариладиган стратегияларни ишлаб чиқиш мақсадида фуқаролик жамияти институтлари учун ҳам мамлакат ичида, ҳам халқаро ҳамжамият билан ижтимоий шериклик ўрнатиш имкониятларини яратишга қаратилган қатор ташаббусларни амалга оширмоқда.

Форумда аёллар тадбиркорлиги, жумладан, уни молиялаштириш ва таълим дастурлари билан боғлиқ муваффақиятлар, илғор тажрибалар, муаммолар ва ечимлар бўйича эксперт панеллари ташкил этилди.

Тадбир иштирокчилари ижобий тажрибаларни ўргандилар ва келажак учун ўз стратегияларини ишлаб чиқдилар.

Форум доирасида Ўзбекистон тадбиркор аёллари ва ҳунармандларининг «Шарқ бозори» хайрия кўргазма-ярмаркаси ҳамда таниқли фотограф Мухитдин Алининг юртимиз олимлари, шифокорлари, ўқитувчилари, ижодкорлари, спортчилари, ҳунарманд ва бошқа аёллари портретларидан иборат «Ўзбекистон аёллари ҳаётида бир кун» ижодий фотокўргазмаси ташкил этилди.

senat.uz