ЎЗБЕКИСТОН БАЙРОҒИ

Озод мамлакатимнинг муҳташам қўрғонида,
Довқур боболаримнинг армонли арконида
Турон, қадим Туркистон, улуғ юрт осмонида,
Камалакдек товланар истиқлолим маёғи ‒
Ўзбекистон байроғи,
Менинг байроғим!


У - адолат, коинот, обиҳаёт тимсоли,
Эзгу ният, шараф-шон, бахту сурур баҳори,
Соҳибқирон бобомнинг туғи каби серёлли,
Камалакдек товланар истиқлолим маёғи –
Ўзбекистон байроғи,
Менинг байроғим!


Тинчлик, тириклик рамзи - мовий, яшил, оқ ранглар,
Чақноқ ўн икки юлдуз шамолларда жаранглар,
Эрк қўшиғи қиличдек ярим ойда жилвагар,
Камалакдек товланар истиқлолим маёғи –
Ўзбекистон байроғи,
Менинг байроғим!


Қайга борсам, қошимда, юлдуз бўлиб порлагай,
Вужудимни самовий юксакларга чорлагай,
Ватан, миллат, халқимнинг шонини алёрлагай,
Камалакдек товланар истиқлолим маёғи -
Ўзбекистон байроғи,
Менинг байроғим!.


Отаётган ҳар бир тонг, янги замон тонгидир,
Ҳар фасл бизга янги, ҳар кун янги- янгидир,
Кўкдаки қуёш мангу - қуёш каби мангудир,
Камалакдек товланар истиқлолим маёғи -
Ўзбекистон байроғи,
Менинг байроғим.

 
Абдусаид КЎЧИМОВ